Тинчлик қарор топган юртда фаровонлик ва юксалиш бўлиши муқаррар

16.07.2021 18:07:19

Марказий Осиё. Бу минтақа нуфузи жиҳатидан Ер юзи аҳолисининг тўртдан бир қисмини ташкил қилади. Ўзбекистоннинг Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлиги изоляцион-алоҳида кечиши бирмунча мураккаб. Айнан шунинг учун ҳам умумий тараққиёт максадларида Марказий Осиё давлатларининг «қўлни қўлга бериб ишлаши» жуда муҳим.

Дунёда энг бебаҳо неъмат - тинчлик ва хотиржамлик инсоният бугун бошидан мураккаб ўзаро зиддиятларни кечираётган бир пайтда сув ва ҳаводек зарурдир. Айни пайтда Тошкент шаҳрида ўтказилаётган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияси минтақавий боғлиқликни мустаҳкамлаш, Афғонистон ва минтақада узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни ўрнатишдек долзарб масалага бағишланганлиги  билан ўта муҳимдир.

Аслида ушбу анжуман режаси аввалдан бор эди. Ўтган йили 29 декабрь куни парламентга мурожаатномада Шавкат Мирзиёев Жанубий Осиё бўйича анжуман ўтказилишини маълум қилганди. Сўнгги ойларда кузатилаётган афғон можаролари фонида анжуманнинг кун тартиби янада ўткирлашди.

Маълумки, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган.

Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир.

Мазкур анжуманнинг ҳам бош мавзуси минтақалараро тинчликни сақлаш,  ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдир.

Мазкур анжуманда нафақат савдо-иқтисодий, маданий-ижтимоий алоқаларни ривожлантириш ва унга доир лойиҳалар, балки, тинчлик ва хавфсизлик масаласи кўпроқ муҳокама қилиняпти. Тинчлик бўлмаса, бозор ҳам йўқ, йўл ҳам йўқ, мамлакат тугул, қардош халқларнинг ижтимоий алоқаларида ҳам узилиш кузатилади. Шунингдек, давлатлар раҳбарлари ва вакилларининг ўзаро музокара ва мурожаатида Афғонистондаги вазиятдан келиб чиқиб, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақаларининг келгуси хатти-ҳаракатлари ҳақида ўзаро фикр алмашилмоқда.

Анжуманда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлар экан,  бугун Афғонистон ўзининг янги тарихида «туб бурилиш палласи» («переломный момент»)  ўтказяпти деб таъриф берди. «Ишонамизки, донишманд афғон халқи умуммиллий мақсадларга эришиш учун муросага тайёр эканини намоён қилади. Ишончимиз комилки, бизнинг минтақалараро ҳамкорлигимиз, мамлакатда иқтисодиётни тиклаш, тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш учун муҳим омил бўлади» дея келтириб ўтди. Шунинг баробарида Президентимиз бир неча ташаббусларни илгари сурди. Ташаббуслар ичида Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлининг қурилишини иштирокчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланаётгани, минтақалараро стратегиясининг алоқаларни кучайтириш учун савдо, транзит ва божхона жараёнларини рақамлаштириш, қўшма ҳаракатлар стратегиясини қабул қилинаётганлиги нафақат Ўзбекистон учун, балки қўшни давлатлар иқтисодиёти, савдо-сотиқ ва маданий ҳамда маърифий йўналишида ҳам муҳим қадам бўлади, деб ўйлайман.

Шунингдек, ЮНЕСКО шафелигида Термизда Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий меросига бағишланган халқаро форум ўтказиш  ташаббусида Марказий Осиё давлатлари ва халқлари ўртасида маданият, маърифат, тил, илм-фан ва маънавий қадриятларга асосланган ўзаро ҳамкорликнинг тобора ривожланишига ҳамда ушбу минтақа зиёлилари ва кенг жамоатчиликнинг, халқларимиз ўртасидаги қадимий дўстлик ва маънавий бирликни янада мустаҳкамлайди, деб умид билдираман. 

 

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+