Янгиликлар 577
Томпсон мактаби: таълим сифати ва халқаро стандартлар
ОМҚП депутати Инна Коржикова ўзи сайланган 38-Навоий сайлов округида Навоий шаҳридаги «Томпсон мактаби» хусусий мактабида учрашув ўтказди. Мазкур таълим муассасаси бугунги кунда республика миқёсида ўз нуфузига эга бўлган таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади.
Томпсон мактабининг асосий хусусиятларидан бири бу инглиз тилини чуқур ўрганишдир. Талабалар қисқа вақт ичида чет тилини юқори савияда ўзлаштиришлари мумкин, бу эса уларга орзу қилинган IELTS сертификати учун тил имтиҳонини муваффақиятли топшириш ҳамда нуфузли хорижий ва халқаро университетларга кириш имкониятига эга бўлиш имконини беради, –дейди мактаб директори Ҳусниддин Алиқулов.
– Биз ўқитишнинг замонавий усулларига таяниб, инновацион технологиялардан фойдаланмоқдамиз, ҳар бир ўқувчининг ҳар томонлама камол топиши учун шароит яратмоқдамиз.
Томпсон мактаби янги ўқув йилида тўртта бошланғич синф очади. Бу мактабга янада кўпроқ ўқувчиларни қабул қилиш ва уларга ёшлигидан юқори сифатли таълим олиш имкониятини беради.
Мактаб ёзги таътилда ҳам ёш авлодни ҳар томонлама камол топтиришга қаратилган. Тез орада болалар маданий-маърифий оромгоҳи ишга тушади ва бу оромгоҳда болаларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун имконият яратилади.
Оромгоҳда турли тадбирлар, жумладан, қизиқарли экскурсиялар, ижодий маҳорат дарслари, спорт мусобақалари ва бошқа кўплаб тадбирлар ўтказилади. Таъкидлаш жоизки, оромгоҳда инглиз тилини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Учрашув давомида партиямиз депутати Инна Коржикова томонидан президентимизнинг шахсан ташаббуси билан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, учинчи ренессанс пойдеворини қуришда айнан шу каби таълим муассасаларининг ўрни ва роли ўта муҳимлиги эътироф этилди. Томпсон мактаби хусусий таълим муассасалари таълим тизимини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшиши ва битирувчиларни университетларга муваффақиятли ўқишга тайёрлашнинг ёрқин намунасидир.
«Адолат» СДП
Навоий вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг