Тўрақўрғонда байрам шукуҳи

31.08.2021 22:08:21

Халқимиз шу кунларда мамлакатимиз тарихидаги улкан аҳамиятга эга воқеа – Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришганлигининг ўттиз йиллик байрами шукуҳи билан яшамоқда.  Юртимизнинг қайси бир шаҳар ёки туманига борманг, байрамга қизғин тайёргарлик кўрилаётганлигига гувоҳ бўласиз. Кўча ва майдонлар ранго-ранг шиор ва паннолар, байроқлар билан безатилган.

- Айниқса, бунёдкорлик ишлари кўлами тобора кенгайиб бораётганлиги кўзга ташланмоқда, - дейди биз билан суҳбатда “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. -  Қурувчилар байрам арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган объектларни ўз вақтида ва сифатли битказиш учун барча имкониятларни сафарбар этдилар. Туманимиз марказида, қишлоқ ва маҳаллаларда янги-янги бинолар қад кўтарди.

Масалан, “Озод” маҳалласида ҳунармандлиги билан танилган тадбиркор Муҳаммаджон Носиров аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси барпо этди. Икки қаватли кўркам бино чор  атрофга ўзгача сирой бахш этди. Салкам бир йил мобайнида бунёдкорлар бир миллиард сўмга яқин маблағ ҳисобига олтмиш киши ишлайдиган корхонани қуриб битказдилар. Бу ерда асосан хотин-қизлар меҳнат қиладилар. Улар замонавий, юқори унумли дастгоҳларни бошқариб, аҳолининг бежирим кийим-кечакларга бўлган эҳтиёжини қондиришга ўз ҳиссаларини қўшадилар. Маҳсулотнинг дастлабки туркуми Мустақиллик байрами арафасида савдо тармоқларига чиқарилди.

“Бекобод” маҳалласида  истиқомат қилувчи бир гуруҳ ота-оналар ҳам шонли санани яхши кайфиятда кутиб олмоқдалар. Куни кеча уларнинг фарзандлари учун янги оилавий мактабгача таълим ташкилоти очилди. “Зубайршоҳ”  деб номланган маскан 25 нафар болажонларни илк марта бағрига олди. Мазкур МТТни “Аёллар дафтари”да турган Раънохон Аҳмаджонова “Халқ банки” туман филиалидан  олган  кредити эвазига ишга туширди.  Тарбияланувчиларга инглиз, рус тиллари чуқурлаштирилган ҳолда ўргатиш, рақс ва спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратилгани ҳаммага маъқул тушди.

Бу, туманимизда мактабгача таълимни ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлигидан далолатдир. Қуйидаги рақамларга эътибор қаратайлик. Шу йилнинг ўзида 95 та янги боғчалар ташкил этилди ва уларнинг умумий сони ҳозир 216 тага етди. Болалар қамрови эса  73 фоизни ташкил этмоқда. 

Туман марказий шифохонасини таъмирлаш ва қайта қуриш жараёни ҳам охирига етди. Мавжуд биноларнинг қиёфасини ўзгартириш билан бирга  ҳовли тўрида янги икки қаватли иморат тикланди. Бу ерда шошилинч тиббий ёрдам бўлимига келган бемор қабул қилинади. Сўнгра замонавий ускунаалар ёрдамида тиббий текширув ўтказилиб  ташҳис қўйилади. Кейин эса тегишли ихтисосликдаги мутахассислар  даволашга киришилади.

Аввалги нураган ва ғариб ҳолатдаги 100 дан ортиқ хоналар эса таъмирлаш туфайли  ёруғ, кўркам ва шинам қиёфа касб этган. Албатта, бундай юмушларни сифатли уддалашга унча-мунча вақт ва маблағ кетгани йўқ. 2019 йилда бошланган хайрли иш давлат бюджетидан ажратилган 13 миллиард 800 миллион сўмлик маблағ туфайли амалга ошди. Қурилиш-таъмирлаш ишларини  «Осим қурилиш дизайн» корхонаси жамоаси олиб бормоқда.

Байрам кунлари Қўрғонча қишлоғининг спортсевар ёшлари дастлабки футбол турнирини ўтказишга тайёргарлик кўрмоқдалар. Ҳозир мусобақа ўтказиладиган мини-стадион қурилиши ниҳоясига етди. 11 сотих ерда ташкил этилган иншоот қишлоқ аҳлига бўш вақтларини мазмунли ўтказиш имконини бериши турган гап. Уни тадбиркор-педагог Алижон Усмонов барпо этмоқда.

Туман марказидаги  Ал Фарғоний кўчасида қад ростлаган муҳташам турар-жой мажмуасида ҳам  хонадон тўйлари ўтказилди.  Бунёдкорлик ишларини  «Акташ глобал трейдинг» хусусий корхонаси олиб борди. Жами 58 та оила яшайдиган ушбу мажмуани бунёд этиш учун сарфланадиган маблағ 16 миллиард сўмни ташкил этади. Фуқаролар хонадонларни узоқ муддатли ипотека кредитлари ҳисобига харид қиладилар.

Албатта, биз Тўрақўрғонда қад ростлаётган ишлаб чиқариш ва маданий-маиший биноларнинг айримлари ҳақида ҳикоя қилдик, холос. Бунёдкорлик ишлари ҳар бир маҳаллада авж олган. Бу эса юртимизда иқтисодиётни ривожлантириш, халқ турмуш фаровонлигини ошириш йўлида изчил тадбирлар амалга оширилаётганлигидан далолатдир.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+