Тўртинчи хокимиятни реалликка айлантириш зарур

10.01.2021 15:01:00

Мамлакатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида оммавий ахборот воситалари, хусусан, журналист ва блогерлар фаолиятини қўллаб-қувватлашни узлуксиз давом эттиришдек олижаноб сўзлари қалбимда ёрқин из қолдирди.

Дарҳақиқат, бугунги тезкор замонда мазкур соҳа вакилларининг ҳаётимизда нақадар ўрни ортиб бораётганлигини чуқур ҳис этмоқдамиз. Президентимиз таъкидлаганларидек, бугунги жамият адолатпарвар, ўз ишига виждонан ёндашадиган фидойи журналист, блогерларнинг эркин ва мустақил фаолият олиб боришларидан манфаатдор. Бир сўз билан айтганда, оғзаки тилда тўртинчи ҳокимият деб номланувчи соҳа ўз кучини кўрсатадиган пайт келди. Соҳа тараққиётини жадаллаштириш, ёш журналист кадрларни кўпайтириб, мутахассис сифатидаги билим ва малакаларини ошириш, энг асосийси, қатъиятли ҳамда жасур блогер ва журналистларнинг салмоғини ошириш олдимиздаги пировард вазифа бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, ахборот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг ҳаққоний фаолият кўрсатишлари принципларини шакллантириш, ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш зарур. Таъкидлаш лозимки, ахборот хизматлари фаолиятида айрим камчиликлар кузатилаётганини инкор этолмаймиз. Ўз ташкилоти манфаатини ҳимоя қилиш учун кези келса халққа ёлғон маълумот тарқатаётган ахборот хизмати ходимларининг фаолиятини қайтадан кўриб чиқадиган вақт келди. Очиқлик ва шаффофлик қоидаларига зид равишда олиб борилган фаолият бугунги ислоҳотларга қарама-қарши равишда бир куни ўзининг нохолис эканлигини исботлайди. Шу боис бу борадаги камчиликларни бартараф этиб, ўз хизмат фаолиятини замон руҳига ҳамоҳанг равишда ташкил этадиган мутахассисларни жалб этиш зарур. Давлатимиз раҳбари ўз Мурожаатномаларида айтиб ўтганларидек, АОКА (Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) фаолиятини танқидий кўриб чиқиш зарурлигини юқорида келтирилган ҳолатларнинг юзага келаётганлиги билан чамбарчас боғлаш мумкин.

Ер юзидаги энг олий ҳилқат бўлган инсоннинг яратилишида сўзнинг ўрни беқиёс бўлган. Шунинг учун «Айтилган гап – отилган ўқ» сингаридек соҳа вакилларининг ҳам ҳар бир сўзи мамлакат ва жамият ривожланиши учун отилган «ўқ» бўлсин.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+