Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳининг бугунги кундаги фаолияти қониқарлими?

11.05.2022 17:05:13

2019 йилги парламент ва маҳаллий Кенгашлар сайловларидан сўнг ўз фаолиятини бошлаган Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ичида “Адолат” СДПдан сайланган депутатлик гуруҳи қарийб тўрт йилдирки, сермаҳсул ишларни амалга ошириб, халққа беминнат хизмат қилиб келмоқда.

Бугунги кунда улар таркиби 11 нафардан иборат. Булар ичида кўзга кўринган фан ва давлат арбоблари, олим ва мураббийлар бор. Жумладан, Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим, маданият ва спорт масалалари бўйича қўмита раис ўринбосари Дилором Тошмуҳаммедова, Тошкент Техника университети ректори Садриддин Туробжонов, Тошкент педиатрия тиббиёт институти ректори Ботир Даминов, Ёшлар телерадиоканали директори Ҳусниддин Эргашевлар бор.

тош1

Бундаги ҳар бир депутат ўз касбий фаолиятидан ташқари депутатлик вазифасини ҳам сидқидилдан бажаришга интилиб келмоқдалар. Уларнинг жорий йилги фаолияти ҳам анчайин жонли кечмоқда. 49-Жарариқ округи депутати Ҳусниддин Эргашев яқинда бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида  ўз округида жойлашган “Шодлик” “Ибн Сино”, “Жарариқ”, “Белтепа”, “Катта  Жарариқ” маҳаллаларини ўрганиш жараёнларида аниқланган 588, 229 мактабгача таълим муассасаларнинг абгор аҳволи, тинимсиз ёмғирлар натижасида болаларнинг устига томчи, чаккилар ўтиб кетганлиги бўйича мурожаатларини олиб чиқди. Натижада мазкур масала сессия кун тартибига киритилди.  Депутат Кенгаш аъзоларига ушбу масалани ҳал этишда 229-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг том  қисмини капитал таъмирлаш, узоқ йилларга чидамли (Профнастиль) материаллар билан қоплаш  учун 950 000 000 сўм, Шайхонтохур тумани “Беруний” кўчаси 10 уй ховлисидаги болалар  майдончасини замонавий  ўйин ускуналари, спорт  анжомлари, сунъий  чим  қопламаси  билан жиҳозлаш  учун  100 000 000 сўм, Ибн Сино 2 мавзе “Шодлик” МФЙ ҳудудида жойлашган 588- сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг том  қисмини капитал  таъмирлаш, узоқ  йилларга чидамли (Профнастиль) материаллар  билан қоплаш  учун 950 000 000 сўм зарурлиги бўйича ўз таклифларини билдирди. Натижада депутатнинг бошлаган ушбу хайрли ишига 2 млрд. сўм маблағ ажратилиши бўйича тегишли қарор чиқарилди.

Шунингдек, депутат Луиза Хикматова ўтган йиллар давомида Олмазор туманидаги кўп тармоқли поликлиникалар, яъни 14,15,17 оилавий поликлиникаларнинг зарур тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлари учун 2 млрд. сўм маблағнинг маҳаллий бюджетдан ажратилишида ташаббус кўрсатиб, бу бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сессиясида тегишли қарор

 қабул қилинишига эришган эди ва ушбу поликлиникалар энг сўнгги замонавий тиббий-асбоб ускуналар билан таъминланганди. Жорий йилда эса депутат Л.Хикматова Олмазор туманидаги 194 ва 12 МТТ (Мактабгача таълим ташкилот)ининг тўлиқ капитал ва реконструкцияси учун зарур маблағ лозимлигини сессия кун тартибига олиб чиқди. Яқин кунларда бу бўйича ҳам тегишли қарор қабул қилиниши кутилмоқда.

 Депутат Даминов Ботир Турғунпўлатович  Юнусобод туманининг «Увайсий», «Шоштепа», «Юртобод», «Ўзбекистон мустақиллиги» маҳалларида ҳамиша бепул тиббий кўриклар ташкил қилиб келади. Шундай тадбирлардан бири яқинда 9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказилди. Унда маҳаллалар аҳолисига физиотерапия, пульмонология, травматология, ортопедия, нейрохирургия, гинекология ва хирургик касалликлар бўйича бепул тиббий хизматлар кўрсатилди.

тош3

Жорий йилда депутат Ташпўлат Матибаевдан “Файзиобод” маҳалла ҳудудидаги ички кўча ва йўлларни таъмирлашда ёрдам сўралганига жавобан депутат ушбу масалани ижобий ҳал қилди. Бугунги кунда ушбу кўчалар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, “Файзиобод” замонавий маҳалла қиёфасига келтирилди.

Бу юқорида санаб ўтилган депутатлик гуруҳи фаолияти бўйича қилинган ишларнинг “хамир учидан патир”и, холос. Уларнинг фидойилик билан кундузни кундуз, кечани кеча демай олиб бораётган фидокорона ишлари ҳали кўп давом этажак. 

 Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+