Тозалик – соғлом ҳаёт гарови

17.06.2022 11:06:01

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган туб ислоҳотлар жараёнида атроф-муҳитни асраб-авайлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумки, юртни озода ва покиза сақлаш, ҳашарлар ташкил қилиш орқали маҳалла ва гузарларни тозалаш, ариқ ва зовурлар қазиш, боғ-роғлар яратиш ота-боболаримиздан қолган азалий қадриятлардан саналади. Зеро, халқимизда «Обод уйда пок одамлар яшайди» мақоли бежиз айтилмаган.

Ўзбекистон «Адолат» СДП сайловолди дастурида ҳам соғлиқни сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мазкур соҳаларидаги долзарб муаммолар ечимига қаратилган ҳаракатларда фаол иштирок этиши илгари сурилган. Бу борада партия томонидан «Тозалик йўлида бирлашайлик» лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман маҳалла хайрия жамоат фонди ва «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси вакилларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари ёрдамида маҳаллалар ўртасида «Энг тоза кўча» ва «Энг тоза маҳалла» номинациялари бўйича танлов ташкил этилган.

Ушбу лойиҳа доирасида партия Қораўзак тумани Кенгаши ишчи гуруҳи хулосасига кўра «Ғәрезсизлик гузары» маҳалла фуқаролар йиғини тумандаги намунали «Энг тоза маҳалла» номинацияси ғолиби бўлди.

Мазкур лойиҳа асосида кўчаларимиз ва йўлларимиз обод бўлиб, халқимиз биздан мамнун бўлса, биз ҳам ўз мақсадимизга эришган ҳолда, юртимиз чиройига кўрк қўшиб келаётганимиздан хурсанд бўламиз.

Салтанат ДАУШБАЕВА,

«Адолат» СДП Қораўзак тумани Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+