Туғуруқхонадаги муаммолар ўрганилди

02.06.2021 14:06:38

1-туғруқхона Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги йирик шифо масканларидан бири ҳисобланади. Бу ерда 232 тиббиёт ходими меҳнат қилади. Улар хизмат кўрсатадиган ҳудудда эса 150 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Йил бошидан бери туғуруқхонада бир ярим мингдан зиёд чақалоқ дунёга келди. 1300 дан зиёд хотин-қизлар эса турли гинекологик хасталиклардан халос бўлдилар.

Бир қараганда, туғуруқхонада ҳаммаси яхши кетаётгандай. Аммо Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод  Исмоилов “Адолат” СДП вилоят Кенгаши фаоллари билан биргаликда  бу ерда ўтказган ўрганиш жараёнида бир қатор муаммолар кўзга ташландики, уларни бартараф этмай туриб, тиббий хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш ҳақида гапириб бўлмайди. Масалан, бош врач ўринбосари М. Ғаффорованинг айтишича, шифохонанинг тўрт қаватли биноси беш йил аввал мукаммал таъмирдан чиқарилган. Лекин ҳозирдаёқ айрим жойлар яна таъмирталаб бўлиб қолган. Сув таъминотидаги узилишлар катта қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Фақат бугина эмас. Туғуруқхонада айрим мутахассисликлар бўйича шифокорлар етишмайди. Тиббий ускуналар билан таъминланганлик даражаси ҳам талаблардан орқада. Реанимация бўлимидаги каравотларнинг барчаси ностандарт, шунинг учун улар айни пайтда яроқсиз ҳолатга келган. Операция учун ишлатиладиган ускуналар атиги уч тўпламдан иборат. Аслида эса улар ўнта бўлиши лозим.

–Бизни ажаблантирган яна бир нарса – жамоада қаттиқ тартиб-интизом кўзга ташланмагани, - дейди парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Д. Исмоилов. – Туғуруқхонани айланар эканмиз, аксарият тиббиёт ходимлари ниқобсиз юрганлигини кўрдик. Ҳолбуки, ҳали коронавирус пандемияси хавфи пасайгани йўқ. Шифокор ва ҳамширалар билан суҳбатлашганимизда, коррупцияга муносабатларини сўрадик. Ҳамма унга қаршилигини айтди. Лекин бирон киши мазкур иллатга қарши яқин орада қандайдир тадбир ўтказилганини эслай олмади. 

Ёки ошхонадаги ҳангомани олайлик. Депутат ва унинг ҳамроҳлари таомномани сўрашганида, уни тақдим  эта олмади. Ишлатилган масаллиқлар миқдори ҳақида гап кетганда эса ошпаз ва хўжалик мудирининг фикри ҳар хил чиқди. Мисол учун, 28 май куни бири олти, иккинчиси эса тўққиз килограмм гўшт сарфланганини айтди. Меҳмонлар кимга ишонишни ҳам билмай қолишди.

Бундан ташқари, тиббиёт ходимлари ўртасида социологик сўров ҳам ўтказилди. Унинг натижалари умумлаштирилиб, алоҳида ўрганиб чиқилади.

Депутатнинг ўз сайлов округи ҳудудидаги ўрганиш ва учрашувлари давом этмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+