Туман-шаҳарларнинг иқтисодий ривожланиши тоифага қараб белгиланади

02.01.2023 15:01:08

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси Янги Ўзбекистонинг 2023 йилда ҳамда келгуси йиллардаги истиқболли йўл харитасини мустаҳкам асоси бўлди десак, муболаға бўлмайди. Зеро, Президентимизнинг Мурожаатномасида ҳар бир жабҳа қамраб олингани, ислоҳотлар ва тараққиёт омиллари аниқ баён қилиб берилганлигига гувоҳи бўлдик.

Хусусан, Давлат раҳбари бу йилги Мурожаатномасида иқтисодий ислоҳотларни қатъий давом эттиришга оид вазифалар билан бир қаторда, асосий вазифа сифатида ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

Келгуси йилдан бошлаб туман ва шаҳарлар мавжуд шароити, салоҳияти ва имкониятларидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилиши таъкидланди. Бу жараён чуқур ўйланиб, таҳлилларга таяниб ишлаб чиқилгани қайд этилди.

Жумладан, тадбиркорлик учун ҳар томонлама ривожланган 26 та туман – 1-тоифага; инфратузилмаси яхши бўлган 46 та туман – 2-тоифага; шароити нисбатан қониқарли бўлган 76 та туман – 3-тоифага; жозибадорлиги етарли бўлмаган 40 та туман – 4-тоифага; шароити оғир бўлган 20 та туман – 5-тоифага тўғри келади.

Тадбиркорлар учун субсидия, кредитлар ва компенсациялар тоифалардан келиб чиқиб ажратилади. Улар учун солиқ ставкалари ҳар хил бўлади.

Албатта, Давлат раҳбари бу ислоҳотни таклиф қилишидан олдин бир неча йиллик тажриба асосида ҳудудлардаги аҳолини реал даромадлари, инфратузилмалар, табиий шароитлар, ер ости ва ер усти бойликлари, қулай бизнес муҳити ва бошқа шу каби муҳим иқтисодий жиҳатларни инобатга олгани сир эмас.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, тоифаларга ажратилган туман-шаҳарларга бериладиган имтиёзлар улардаги иқтисоди-ижтимоий муҳитни янада соғломлаштиради, керак бўлса юқори ўсиш даражасига ҳам олиб чиқади.

Мисол учун, бешинчи тоифага кирувчи, шароити энг оғир бўлган 20 та туман учун айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, ижтимоий солиқ ставкаларини 1 фоиз миқдорида белгилаш назарда тутилган. Мазкур туманлардаги тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг атиги 1 фоизини тўлайди. Якка тадбиркорлар қатъий ставкадаги солиқларни тўлашдан озод этилади. Шунингдек, бошқа тоифадаги туман-шаҳарларга кредитларнинг пасайтирилган фоиз ставкаларини қўллаш, инфратузилма харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш каби бир қатор енгилликлар берилмоқда.

Мен ўйлайманки, бу каби имкониятлар ва имтиёзлар нафақат чет эл инвесторлари балки маҳаллий инвесторларнинг ҳам қизиқишига ва сабаб бўлади. Чунки режалаштирилаётган чора-тадбирлар орқали қулай бизнес муҳити яратилади.

Агарда ушбу имтиёзлардан табиий инфратузилмаси яхши бўлмаган, шароит оғир ва географик жойлашуви бироз ноқулай бўлган туманларда унумли фойдаланилса, бевосита янги инвестицияларни жалб қилинса, қисқа вақт давомида янада катта ижобий ўзгаришлар юз беради.

Ж.Комилов,

«Адолат» СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+