Туризм- тараққиёт омили

27.04.2022 14:04:45

Туризм бугунги кунда дунёнинг аксар мамлакатларида иқтисодиётнинг муҳим тармоғига айланган. У аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам катта роль ўйнайди. Испания, Италия, Франция, Туркия, Миср ва бошқа ўнлаб давлатлар бу соҳада салмоқли натижаларга эришган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича изчил тадбирлар амалга оширилмоқда. Юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар оқими кўпаймоқда. Чунки мамлакатимизда ноёб тарихий ёдгорликлар, хушманзара дам олиш масканлари, одамни ўзига жалб этадиган диққатга сазовор жойлар жуда кўп. Юртдошларимизнинг ўзлари ҳам ички туризмга эътибор қаратмоқдалар. Албатта, соҳани янада тараққий эттириш учун инфратузилма тармоғини кенгайтириш, сайёҳлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш талаб этилади.

Куни кеча Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғлишида ана шу ҳақда фикр юритилди. Эришилган ютуқлар қайд этилиб, мавжуд нуқсон ва камчиликлар очиб ташланди. Фойдаланилмаётган имкониятлар ҳам кўрсатиб ўтилди.

Хусусан, “Ўзбекистон туризм магистрали” бўйлаб, 31 та туман ва шаҳар ҳудудидан ўтувчи йўллар бўйида “Карвонсарой”лар барпо этиш чоралари белгиланди.

наманган 2

Туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорларга қатор имтиёзлар берилди.

Ички туризмни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу борада вилоятимизда ҳам етарли имкониятлар бор. Айниқса Поп туманидаги Чодак, Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоқларида олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор. Уларда ҳар йили республиканинг турли бурчакларидан ташриф буюрган минглаб меҳмонлар дам оладилар. Бундай масканлар ҳамма туманларда бор. Фақат уларни янада ободонлаштириш, сайёҳларни кўпроқ жалб этиш зарур.

Шу ўринда юртимиздаги ва хориждаги сайёҳларни чорлайдиган тадбир ҳақида сўзлаш лозим. У Наманган шаҳрида ҳар йили ўтказиладиган Халқаро гуллар фестивалидир. Ҳозир мазкур Нафосат байрамига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Шаҳар кўчаларига миллионлаб гул экилган ва улар айни пайтда кўркам кўринишга келган. Асосий тадбирлар ўтадиган Бобур номли боғда ҳам тайёргарлик авжида. Фестиваль 22 майдан бошлаб 5 июнга қадар давом этади.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ, 

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+