Туркий дунё цивилизациясининг янги юксалиш босқичига қадам

15.11.2022 19:11:27

Жаҳонда турли зиддиятли воқелар юз бераётган бир даврда Ўзбекистон ривожланиш, ўсиш, тараққий этиш йўлида дадил қадамлар билан одимламоқда. Бугун давлатимиз ислоҳат ва ташаббуслар майдонига айланди. Сўнги йилларда Ўзбекистон нафақат қўшни қардош мамлакатлар билан балким дунёдаги барча давлатлар билан ўзаро сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий ва стратегик алоқаларни ривожлантириш ҳамда мавжуд ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш бўйича кенг кўламли амалий ишлар олиб борилмоқда. Юртимизда қисқа вақт оралиғида иккита муҳим ва йирик халқаро сиёсий табирлар бўлиб ўтди.

Шундан бири, 11 ноябрь куни кўхна замин сайқали Самарқанд шаҳри маданияти, урф-одатлари, мақсадлари муштарак бўлган туркий давлатларнинг асосий манзилига айланди. Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарларининг кенгаш йиғилиши бугунги дунёнинг жадал ўзгаришларга юз тутаётган бир даврда, туркий давлатлар тараққиёти йўлида ўзаро бирдамлик билан ҳар томонлама муносабатларни мустаҳкамлаб бориш, кейинги давр учун мустаҳкам алоқалар ва келишувларга хизмат қиладиган конструктив мулоқот майдонига айланди.

Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатларнинг аҳолиси 170 миллиондан ортиқ эканлиги, 4,5 миллион квадрат километрлик катта ва муҳим геосиёсий ҳудудда жойлашиб, улкан минтақани ўз ичига олиши ва ташкилотга аъзо давлатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни юқори кўрсаткични ташкил этиши ҳам эътиборли албатта.

Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммитида 10 дан ортиқ муҳим ҳужжатлар қабул қилиниб, ташкилотга аъзо ҳамда кузатувчи давлатлар иштирокида ўзаро  иқтисодиёт, транспорт, логистика, рақамлаштириш ва маданий соҳалар бўйича келишувларга эришилиб, янги тарихий давр учун мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари яратилди. Айниқса, иқтисодиёт соҳасини тубдан такомиллаштириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш, стратегик мақсадларни мустаҳкамлаш учун “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудудини” барпо этиш ҳамда ушбу мақсадларни амалга ошириш мақсадида ҳар йили “Халқаро туркий иқтисодий форуми”ни ўтказиш  ташаббуси давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилди.  Ҳақиқатдан, ушбу форматдаги иқтисодий форум ўтказилиши давлатлар ўртасидаги савдони кенг доирада ўсишига замин яратади. Бундан ташқари ташкилот томонидан амалга оширилаётган ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида сиёсат, хавфсизлик, савдо, инвестиция, транспорт, қишлоқ хўжалиги, энергетика, ахборот технологиялари, туризм, инновация, таълим, тиббиёт ва ёшлар ҳамда бошқа соҳалар бўйича вазирлар даражасида алоҳида қўмиталар тузиш таклифи жуда муҳим ташаббус эканлигини алоҳида қайд этиш ўринли. Сабаби белгиланган вазифалар ижросини амалда бажариш учун ҳар бир соҳа бўйича мутахассислар жалб этилиши, келгусидаги белгиланган вазифаларни юқори натижалар билан бажарилишига муносиб хизмат қилади.  Бу йўналишни янада такомиллаштириш мақсадида Оқсоқоллар кенгашини тузиш орқали Котибиятнинг ўрни ва таъсирини ошириш, давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинаётган барча қарор ва ҳужжатларнинг қатъий назорат тизимини кучайтириш ташаббуслари давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилиб, барча давлат раҳбарлари томонидан қўллаб қувватланди.

Албатта, бу каби ташаббуслар Туркий давлатлар ташкилотининг келгусидаги фаолиятини янада ривожлантириш томонлар ўртасида ўзаро ишонч, дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақада ва унинг ташқарисида тинчликни таъминлаш ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ҳар томонлама тараққий этишига асос бўлиб хизмат қилади. Ташкилот доирасида 2023 йилни “Туркий дунё цивилизациясининг янги юксалиш босқичига қадам” деб ном берилиши ва Ўзбекистон раислиги даврида қабул қилинган “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концепцияси ҳамда “Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик стратегияси” шунингдек асосий ҳужжат Самарқанд декларациясининг қабул қилиниши  тарихи, тили ва маданияти бир бўлган туркий халқлар ҳаётини янада юксак ривожлантиришга муносиб кўприк вазифасини бажаради.

Хулоса ўрнида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммити ўзининг тарихий келишувлари билан, туркий дунё цивилизациясининг янги юксалиш босқичига муносиб қадам қўйиб берди.

 

 

Зуҳра ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

“Адолат” СДП фракция раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+