Туркий дунёнинг халқаро ҳамжамиятидаги ўрни ошиб бормоқда

08.07.2024 12:07:35

Мамлакатимиз кейинги йилларда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, хорижий давлатлар билан дўстона ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида муҳим натижаларга эришмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган фаол ва прагматик ташқи сиёсат бугунги кунда мамлакатимизнинг нафақат минтақада, балки жаҳон миқёсида нуфузи ва ўрнини мустаҳкамлаб, халқаро жараёнларда ўз сўзи ва ўрнига эга бўлишига хизмат қилмоқда.

Президентнинг кўп томонлама дипломатия ҳамда халқаро хавфсизлик ва минтақавий ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш борасидаги ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Жорий йилнинг 6 июль куни давлат раҳбари Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг «Транспорт, ўзаро боғлиқлик ва иқлим ҳаракати орқали барқарор келажакни бунёд этиш» шиори остидаги норасмий саммитида иштирок этди.

Туркий давлатлар ташкилоти 2009 йил 3 октябрь куни Нахичеван(Озарбайжон) шаҳрида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркия ҳамкорлигида ташкил этилган. Ўзбекистон ташкилотнинг тўлақонли аъзосига 2019 йилнинг 14 сентябрда айланди. 2018 йилда Венгрия, 2021 йил 12 ноябрда Туркманистон мазкур ташкилотга кузатувчи мақоми билан қўшилди.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи давлатларнинг аҳолиси тахминан 150 миллион кишини ташкил этади, улар 4 миллион 200 минг квадрат километрлик катта ва муҳим геосиёсий ҳудудда жойлашган. Ташкилотга аъзо давлатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни ҳам жуда салмоқли ҳисобланади.

Шуша шаҳрида бўлиб ўтган ТДТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги саммити доирасида ташкилотнинг ўтган вақт давомидаги фаолияти таҳлил қилинди, савдо ва транспорт йўлларини ривожлантириш, иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш, муқобил энергетика ва ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик масалаларига қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида ушбу саммит глобал хавф ва хатарлар ортиб, ўзаро ишонч инқирози тобора кучайиб бораётган бир шароитда ўтаётгани, бундай мураккаб вазиятда азалий қардошлик руҳидан куч олаётган алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни, умумий ёндашувларни ишлаб чиқишни даврнинг ўзи тақозо этишини таъкидлади.

Шу билан биргаликда, давлатимиз раҳбари томонида ўтган қисқа даврда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 30 дан ортиқ муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ва кенг қамровли ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо ҳажми ўтган йилда 27 фоизга ошгани мамнуният билан қайд этилди.

Президент томонидан дунёнинг асосий бозорларига чиқиш ҳамда Буюк ипак йўлини янги тарихий шароитда қайта тиклаш мақсадида Темир йўл маъмуриятлари Кенгашларини тузиш ва унинг дирекциясини Тошкент шаҳрида жойлаштириш ҳақидаги таклифини билдирди.

Яна бир муҳим ташаббус, иқлим ўзгаришидаги муаммоларни тизимли ҳал этиш мақсадида Туркия экология кенгашини тузиш ва унинг қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд- Оролбўйидаги Нукусда жойлаштириш таклифи бўлди.

Шу билан бирга, ТДТ маконида замонавий, ишончли энергетика инфратузилмаларини ва муқобил энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида «Яшил энергия сари туркий ҳаракат» концепциясини қабул қилиш каби ташаббуслар ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари таклиф этилди.

Давлат раҳбари йиғилганлар эътиборини 9 ойдан буён 40 мингга яқин аҳоли ҳаётига зомин бўлган Ғазо секторидаги кечаётган қонли урушга қаратди. Давлат раҳбарларини зўравонликларни зудлик билан тўхтатишга, тинчлик жараёнларини тезроқ бошлашга чақирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро майдондаги ўзига хос ўрни ва позицияси яққол кўриниб турганлигидан барчамиз фахрландик, ташаббусларидан мамнун бўлдик.

Ишончимиз комилки, Шуша шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити доирасида эришилган натижалар ташкилотнинг кейинги эволюцияси йўлида муҳим қадам бўлади. Бу эса нафақат ташкилотга аъзо мамлакатлар, шу билан бирга, ушбу давлатлар жойлашган минтақалар тараққиётида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Н.ҚАИПБЕРГЕНОВ,
«Адолат» СДП
Қорақалпоғистон Республикаси
Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+