Уч авлод учрашуви

25.04.2022 11:04:05

9 май - Хотира ва қадрлаш  куни тобора яқинлашмоқда. Бу санада халқимиз Ватан озодлиги учун  кураш олиб борган, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилган жасур ва мард ўғлонларни ёдга олади.

Мен ҳам узоқ йиллар ҳарбий хизматда  бўлганлигимдан фахрланаман. Ҳозир захирадаман, мактабда ёшларга чақириқгача  таълимдан сабоқ берамана. “Адолат” СДП сафига киргандим, 2019 йилги сайловларда халқ депутатлари туман кенгаши депутатлигига сайландим. Ҳозир билдирилган ишончни оқлаш учун астойдил меҳнат қилмоқдаман. Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга муносиб  ҳисса қўшишни мақсад қилганман.

Яқинда Қуролли Кучлар фахрийси сифатида вилоят мудофаа ишлари бошқармасига  таклиф этишди. Бу ерда “Уч авлод учрашуви” ўтказилди. У менда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг биринчи мудофаа вазири Р.Ў. Аҳмедовнинг сўзларини мириқиб эшитдим. Миллий армиямизнинг  ташкил этилиш тарихини батафсил гапириб берди.

Шунингдек, истеъфодаги генераллар Р.Отахонов, Д.Мухиддинов, Ф.Усмоновнинг  сўзларини ҳам мароқ билан тингладик. Ўз навбатида ёш зобитлар Ватанни ишончли ҳимоя қилишга, ота-боболаримизнинг жанговор анъаналарини муносиб давом эттиришга ваъда бердилар.

Абдулҳафиз СОБИТОВ,

Халқ депутатлари Уйчи туман

 Кенгаши депутати.      

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+