Уч авлод вакилларини бирлаштирган тадбир

20.12.2022 10:12:04

Инсонни инсон қилиб камол топтиришда, унга билим ва одамийлик, меҳр-оқибат, эзгу орзу-ниятлар билан яшаш туйғуларини сингдиришда, бир сўз билан айтганда, жамиятимизнинг муносиб фуқароси бўлиб жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топишида мураббийларнинг барча таълим соҳаси фидойиларининг ҳиссаси беқиёсдир.

 “Адолат” СДП Сирдарё тумани Кенгаши томонидан Сирдарё тумани 32-мактабда “Ўқитувчилар-ёшларимизнинг маънавий устози” шиори остида, шу мактабда ўқитувчилик қилган 60 яқин фахрий устоз педагоглар иштирокида “Уч авлод учрашуви ” бўлиб ўтди.

Шуни мамнуният билан айтиш мумкинки, кеча ва бугунги кунни  ўзида мужассам этган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш юртимизда анъанага айланиб бормоқда.

Шу  мактабда кўп йиллар устозлик қилган фахрий ўқитувчиларни тантанали равишда кутиб олиш билан бошланган мазкур тадбирни  мактаб директори Барно Умарова ўз кириш сўзи билан очиб, узоқ йиллик иш  фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, шарафли касб машаққатлари, қийинчиликлари, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўзининг самимий дил сўзларини билдириб ўтди.

Тадбир давомида  “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов, Қамбаров Қосимхон, Саидмуродив Гулнора, Ўринбоев Анарбой, Мавлюда Никурадзе,Тўрақулов Эсонкелди, Нормирзаева Сайёра, Тўраева Гулсаралар сўзга чиқиб, ўз меҳнат фаолиятлари давомида таълим-тарбия берган  шогирдлари, “Ўқитувчи мақоми”ни жамиятда кўтариш ва уларга ҳурмат эҳтиромни янада юксалтириш лозимлиги ҳамда ҳозир кунда мактабларда яратилган шарт-шароитлар, замонавий техника жиҳозларини кўриб ҳавас қилаётганликлари борасида тўлқинланиб гапиришди.

Ёш авлод билан кеча ва бугун борасида фикр-мулоҳаза алмашишди.

Шундан сўнг меҳмонлар мактабдаги инглиз тили хонаси билан танишиб, замонавий компьютерда дарс бериш жараёнида иштирок этишди.

Шунингдек тадбир давомида шу мактабда ишлаган, ҳозирда орамизда бўлмаган, вафот этган  фахрий ўқитувчилар тўғрисида тайёрланган видеоролик намойиш қилинди ва ўтганлар рухига дуо тиловат қилинди.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари учун мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий саҳна кўринишлари намойиш қилиниб, дастурхон атрофида давом этди.

“Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши номидан тадбир ташкилотчиси 32-мактаб директори Барно Умаровага ташаккурнома ва эсдалик совғаси, бир нечта мактаб ходимларига партиянинг аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Шунингдек, тадбир сўнгида мактаб томонидан фахрий устозларга эсдалик совғалари топширилиб, фахрий ўқитувчилар томонидан тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчиликларини билдиришди ва бу анъанани бундан кейин давом мунтазам равишда эттириш ташаббуси билдириб, тадбир ниҳоясига етди.

 

“Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+