Учинчи Ренессансни ким яратади?

19.02.2021 10:02:36

Жонажон Ватанимиз – ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 30 йил тўляпти. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони яратилди. Ёшларга эътибор кучайди. Йигит-қизлар ўз салоҳиятини кўрсатиши, иқтидорини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилди.

Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламенти, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилди. Ҳудудларда  “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури доирасида иқтидорли ва ташаббускор ўғил-қизларимизнинг бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратилди. Буларнинг барчаси биз ёшларга берилган кенг имкониятлар калитидир.

Кам таъминланган оилаларда камол топаётган қизларимизнинг билим олиш имкониятини кенгайтириш учун бу йил янги тизим жорий этилди. Унга мувофиқ, ушбу ўқув йилида олий таълим даргоҳларининг кундузги бўлимларига бундай қизларимиз учун давлат гранти асосида яна қўшимча ўрин ажратилиши белгиланди.

Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўл осонликча босиб ўтилмади. Минг-минг машаққатлар синовидан, даврнинг оғир заҳматларидан матонат, эзгу мақсад сари олға интилиш, юксак ишонч билан тик ўта олган мардона юртда яшамоқ, унга муносиб бўлмоқ ҳар биримизнинг олий бурчимиз бўлмоғи шарт.

Учинчи Ренессансни соғлом оила муҳитида камол топган ёшлар тимсолида кўраман. Бунинг учун оилаларимиздаги  мавжуд муаммоларни ўрганиш, қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва фарзанд тарбиясида ота-онанинг  аҳамияти ҳақида тарғибот ишларини кучайтириш зарур деб ўйлайман. Келгусида муаммолар чуқур ўрганилиб, соғлом турмуш тарзини яхшилаш ва кузатилиши мумкин бўлган муаммоларни олдиндан бартараф этиш чоралари кўриб бориш кутилган натижани албатта беради. Бу эса ўз навбатида, учинчи Ренессанс пойдеворининг мустаҳкам бўлишида жуда муҳим аҳамият касб этади.

Умумий хулоса сифатида таъкидлаш лозимки, охирги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида ёш авлод ҳақидаги ғамхўрлик турибди. Бундай бўлиши табиий, албатта. Зеро, айнан биз - ёш авлод ҳар қандай юксалиш ва тараққиётнинг, жумладан, Янги Ренессанс пойдеворини яратишнинг ҳаракатлантирувчи кучидир.

     Бекзод ЧОРИЕВ,

Ёшлар парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+