Учинчи Ренессанснинг асосий бўғини

16.06.2021 11:06:14

Мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг муҳим босқичлари амалга оширилиб, моҳиятан ҳеч қайси бир давлатда мавжуд бўлмаган узлуксиз таълим тизими шакллантирилган. Яъни, ёш авлоднинг мактабгача таълим муассасаларидан то олий таълимгача бўлган узлуксиз билим олишлари, касб ўрганиши учун шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур соҳадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, умумтаълим мактабларининг ҳозирги замон талаблари ва стандартлари асосида ривожлантириш, уларни реконструкция ва модернизация қилишга қаратилаётган эътибор замирида ҳам келажагимиз эгаларининг ҳеч кимдан кам бўлмай улғайишлари ҳамда буюк аждодларга муносиб ворис бўлиб вояга етишларини таъминлашдек эзгу мақсад мужассам.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига расмий ташрифи муносабати билан Ургут тумани “Мерганча” маҳалласида Тожикистон Республикаси ҳомийлиги асосида бунёд этилган 154-мактабнинг очилиш маросими ҳудуддаги аҳолига катта хурсандчилик улашиши билан бир қаторда Ўзбекистон ва Тожикистоннинг таълим йўналишидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашда эзгу ташаббус бўлди.

640 ўринга мўлжалланган янги таълим муассасаси замон талаблари асосида барпо этилган бўлиб, 3 қаватли бино, 26 та ўқув хоналари, кимё, биология, физика, лаборатория хоналари, АКТ, спорт зали, ошхона билан жиҳозланган. Мактабда 50 ўринли кутубхона, 36 ўринли электрон кутубхона, 326 ўринли фаоллар зали ҳам мавжуд.

Янги мактабда сифатли таълим-тарбия жараёнларини ташкил этиш, ўқувчиларнинг спорт билан шуғулланиши, иқтидорини ривожлантириш бўйича яратилган шароитлар кўзни қувонтиради.

18х30 м ўлчамли спорт зали, 60Х90 м футбол майдони, бир вақтда 204 ўқувчига хизмат кўрсатувчи ошхона - ўғил-қизларга барча шарт-шароитлар яратилганидан, ёшларга билим олиш учун катта имкониятлар эшиги очилганлигидан далолатдир.

Қўшни давлат Тожикистон ҳомийлигида қурилган бу замонавий таьлим муасассасини очилиши туманимиз аҳолисида катта таассурот қолдирди, айниқса икки давлат ўртасидаги дўстона мунособатнинг яхшилиги, икки давлатда ҳам ёшларни билим олишига катта эътибор қаратилаётгани  қувонарли. Бундай замонавий  таълим муассасаларида фақат ўқиш, ўқиш ва яна ўқиш керак.

Албатта, мамлакатимизда таълим тизимига қаратилаётган эътибор ўз навбатида  янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс даврига кенг йўл очади. Шу билан бирга халқчил ва ҳаётийлиги билан Учинчи Ренессанснинг асосий бўғини ҳисобланган таълим тизимини такомиллаштириш юртимиз равнақи, иқтисодиёти ва  келажагига хизмат қилиши шубҳасиз.

 

Замира АБДУРАҲМОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Ургут туман Кенгаши раиси 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+