Учқўрғонда танловга ҳозирлик авжида

03.11.2022 16:11:06

«Адолат» СДПнинг «Конституция ранглар жилосида» ижодий кўрик-танловини ўтказиш юзасидан ташаббуси кенг жамоатчилик ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Наманганда ҳам Асосий Қонунимизнинг 30 йиллигига бағишланган бу тадбирга ҳозирлик қизғин бормоқда. Партия вилоят Кенгашида кўрик-танловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича штаб фаолият кўрсатмоқда. У барча ишларни мувофиқлаштириб турибди. Жойларда фаоллар тарғибот билан шуғулланмоқдалар.

– Бош Қомуснинг жамият ҳаётидаги аҳамиятини ҳеч нарсага таққослаб бўлмайди, - дейди «Адолат» СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроилжон Жўраев. – Шунинг учун унинг мазмун-моҳиятини аҳолига, айниқса, ёшларга атрофлича тушунтириш лозим. Сафдошларимиз бу борада доим фаол иш олиб борадилар. Кўрик-танлов эса мазкур йўналишдаги яна бир фойдали тадбир бўлиши кутилмоқда. У тарғиботни янада кучайтиришда қўл келиши аниқ.

Вилоят марказида, туманларда танловда иштирок этиш истагини билдирганлар сони ортиб бормоқда. Айниқса, Учқўрғонда амалга оширилаётган ишлар ибратлидир. Куни кеча бир гуруҳ партиядошлар билан бу ердаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида бўлдик. Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги мазкур муассасада айни пайтда уч юздан зиёд ўғил-қиз мусаввирлик сирларини ўрганмоқда. Уларга Баҳриддин Пўлатов, Муҳайё Турғунова, Азиза Юсуфжонова, Беҳзод Зокиров каби тажрибали устозлар сабоқ бермоқдалар. Мактаб-интернатда тез-тез ўтказиб туриладиган турли кўргазмалар ёш мўйқалам усталарининг маҳорати тобора сайқал топиб бораётганидан далолатдир.

Дарвоқе, шу йили мактаб-интернатни 26 ўқувчи битирди. Улардан 24 нафари бугунги кунда олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Хориждаги етакчи университет ва институтларга кирганлар ҳам бор.

– Жамоамиз «Адолат» социал-демократик партияси ўтказаётган кўрик-танлов ҳақидаги хабарни кўтаринки руҳда кутиб олди, - дейди мактаб-интернат директори Жавлон Шарипов. – Бу тадбирда икки юзга яқин юқори синф ўқувчилари иштирок этиш истагини билдирдилар. Бугун-эрта уларнинг ижодий ишларидан иборат кўргазма ташкил қиламиз. Унда энг яхши деб топилганлар туман босқичига тавсия этиладилар.

Директорнинг айтишича, партиямиз фаоллари кўрик-танлов арафасида мактаб-интернатда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига бағишланган семинар ва давра суҳбатлари ўтказдилар. Чунки ўқувчиларга Бош Қомус тўғрисида маълумот бериш зарур эди. Ўқитувчилар ҳам Асосий Қонун ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Бундан ташқари, танишиш учун бир қатор адабиётлар тавсия қилинди. Улар ҳам Конституция ҳақидаги тасаввурларни кенгайтиришга кўмаклашиши шубҳасиз.

Шу кунларда мактаб-интернат ўқувчиларининг аксарияти ижодий изланиш билан банд. Яратиладиган тасвирий санъат намуналарида уларнинг истеъдоди намоён бўлади. Навқирон рассомларнинг мўйқаламига мансуб асарлар вилоят ва республика босқичларида муносиб ўринларни эгалласа ажаб эмас.

Нурбек Абдуллаев

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+