Учқўрғоннинг энг адолатли қайнонаси мукофотланди

25.06.2021 13:06:58

Ибодатхон Болтабоевани “Янгиобод” маҳалласида ҳамма яхши танийди. У узоқ йиллар мактабгача таълим тизимида меҳнат қилиб, нафақага чиққан. Онахон бу ердаги намунали оилалардан бирининг бекаси. 2 нафар келинни ўз фарзанди сифатида ардоқлаб, уларнинг болаларини тарбиялашга  ҳам кўмаклашади. Ёшларга ўзининг маслаҳат ва йўл-йўриқларини аямайди.    

И.Болтабоева жамоат ишларида фаол, бошқаларни ҳам шунга даъват этади. Ҳамиша ўзининг маънавий-маърифий савиясини оширишга интилади. Сиёсий билимларни пухта эгаллаган. Атрофдаги тўй-маъракаларга бош-қошлиги учун катта-кичикнинг ҳурматига сазовор.

Айнан мана шу фазилатлари сабаб маҳалладошлари Ибодатхон  опани партиямиз ўтказаётган кўрик-танловнинг  туман босқичига тавсия этдилар. Онахон ўзига билдирилган ишончни тўла оқлади. Низомда белгиланган шартларни муваффақиятли  бажариб, ҳакамлар ҳайъатининг энг юқори баҳоларига  сазовор бўлди. Иштирокчиларнинг чиқишлари якунига кўра у биринчи ўринга лойиқ деб топилди. Туманнинг энг адолатли қайнонасига  “Адолат” СДП маҳаллий кенгаши  ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг дипломи ва эсдалик совғалари топширилди. Иккинчи ва учинчи ўринларни “Истиқлол”, “Яшик” маҳаллаларининг вакиллари Ҳабибахон Арипова, Донохон Қаюмова эгалладилар.

- Бу йил кўрик-танловни илк бор маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда ўтказдик, - дейди “Адолат” СДП Учқўрғон туман кенгаши раиси Нигорахон Болтабоева. - Натижада тадбирнинг миқёси янада кенгайиб, халқчилиги ошди. Яна бир жиҳат - энг яхши қайноналарнинг  тажрибаси ва намунасини  кенгроқ  тарғиб этиш имконияти туғилди. Шу туфайли оилалардаги тинчлик-хотиржамлик, маънавий муҳит янада мустаҳкамланиши турган гап.

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят

Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+