Учқудуқлик билимдон ўқувчилар тақдирланди

20.06.2024 18:06:51

«Адолат» социал-демократик партиясининг «Таълим сифати партия нигоҳида» лойиҳаси бугунга келиб сайловчилар ва кенг жамоатчилик ўртасида оммалашди. Бунга эса партиянинг қуйи бўғинлари томонидан ўтказилаётган турли тадбирлар муҳим роль ўйнамоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги «Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида турли танловлар ташкил этиб келинмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси партиянинг Навоий вилоят Кенгаши томонидан вилоят марказидан қарийб 300 км олисда жойлашган Учқудуқ туманидаги «Ёшлар маркази»да бўлиб ўтди.

Унда тумандаги умумтаълим мактабларидаги 1-8 синф ўқувчилари ўқувчиларининг инглиз тили ва математика фанларига доир билимларини синовдан ўтказишди.

Ўқувчилар томонидан қайд этилган натижалар «Адолат» СДП Навоий вилояти «Ёшлар қаноти» Кенгаши ҳузурида ташкил этилган экспертлар гуруҳи аъзолари томонидан баҳоланди. Тадбир сўнгида сараланган билимдон ва иқтидорли ўқувчилар партиянинг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Қувонарлиси, бу каби тадбирларнинг мактаб ўқувчилари иштирокида ёзги таътил вақтида ўтказилиши уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда юртимиз ёшларини илм-фанга бўлган қизиқишини ортишига хизмат қилмоқда.

«Адолат» социал-демократик партиясининг ғоя ва мақсадларини тарғиб этишда жамиятда танилувчанлигини оширишга қаратилган турли соҳа ва йўналишларда ташкил этилаётган танловлар, айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ичкиишлар идоралари тақдим этган маълумотга кўра, болалар томонидан содир этиладиган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти айнан таътил вақтига тўғри келиши қайд этилган. Бу эса партия томонидан ташкил этиладиган бу каби тадбирларнинг нақадар аҳамиятлилигини кўрсатади.

«Адолат» СДП
Навоий вилояти Кенгаши
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+