Уй ҳам, муаммоси ҳам - кўпчиликники

03.06.2021 15:06:35

Кўп қаватли уйлар кўпчиликка тегишли. Шу сабаб унинг муаммолари ҳам кўпчиликники. Айримларда “менга нима, бу уйда биргина мен яшамайман...” деган қараш шакллангани бор гап. Бироқ уйнинг ободлиги, қиёфаси ва талаб даражасида бўлиши ҳаммамизга боғлиқ. Вазифани масъул ташкилотларга юклаш билан иш битмайди. Энг чекка ҳудудларда ҳам қатор кўп қаватли уйлар барпо этилаётгани масалага янада эътиборли бўлишни талаб этади.

Шу йилнинг 28 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилгани бежиз эмас. Юқорида айтганимиздек, замонавий бинолар кўпайгани яхши. Шунга мос равишда уларга хизмат кўрсатиш долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Кўп қаватли уйнинг 5-қаватида яшасангизда, коммунал хизмат яхши йўлга қўйилмаса, 1-қаватда турсангизда уйингизни олди маиший чиқиндиларга тўла бўлса. Бундай манзара кимга ёқади?

Давлатимиз раҳбари шу каби масалаларга эътибор қаратди. Тизимда янги тартибда иш ташкил этиш таклифларини билдирди. Кўп қаватли уй-жойларни барпо этиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш тизимини тубдан ўзгартириш ва такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Бугун бутун дунёда уй-жойга талаб ортиб боряпти. Бунга мос равишда охирги йилларда Андижонда ҳам сезиларли ишлар қилинди. Айни вақтда вилоятда жами 1733 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлгани ҳолда яна қатор янгилари барпо этиляпти.

Албатта  янгиланишлар, амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган мақсад  аҳоли учун қулайлик яратиш, муносиб турмуш шароитини таъминлашдан иборат. Бунинг асосий омилларидан бири коммунал хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш. Тўғри, ҳозирда вилоятдаги мавжуд кўп қаватли уйларга 295 та хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари хизмат кўрсатмоқда. Бироқ бу етарли эмас. Шу сабаб видеоселекторда  кўрсатиб ўтилганидек эндиликда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишда аутсорсинг хизмати йўлга қўйилади. Яна бир масала: кўп қаватли уйлар йўлакларининг эгаси деярли йўқ эди. Ана шу йўлакларга эгалик қилувчилар ҳам аниқланади. Ободонлаштириш учун бериладиган маблағ янги ташкил этилаётган бошқарув компаниясига тўланади ва компания ана шу маблағ ҳисобига хизмат сифатини оширади.  

Кези келганда ортга назар ташлайлик. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши томонидан айни шу масала охирги икки йилда жамоатчилик назорати тартибида ўрганиб борилди. Жумладан, Булоқбоши ва Жалақудуқ туманларидаги ўрганишлар давомида тизимдаги қатор муаммолар  аниқланди. Ҳар икки  тумандаги ўрганилган кўп қаватли уйларни иситиш ва ичимлик суви билан таъминлаш талаб даражасида эмас. Уйларнинг атрофларини ободонлаштириш зарур. Маиший чиқиндиларни олиб кетилиши ҳам назоратга олинмаган.

Албатта, бу масала масъул ташкилотларга чиқиш орқали ечимини топди. Бироқ бошқаларидаги ҳолат қандай деган саволга бирдан ижобий жавоб бериш қийин. Шундан келиб чиқиб жамоатчилик назорати давом этмоқда.

Бугунги талаб, белгиланган вазифалар тизимда катта ўзгаришларга йўл очади. Асосийси, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ортади. 

Мадамиинжон МАДАЗИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+