УЙЧИДА «АДОЛАТ»ЧИЛАР САФИ КEНГАЙМОҚДА

24.06.2024 19:06:01

«Адолат» СДП Наманган вилоят кенгашининг ишчи гуруҳи партиянинг танилувчанлигини ошириш мақсадида Уйчи туманидаги газ таъминоти бўлими ва давлат кадастрлар палатаси филиалида бўлиб, ҳар икки ташкилот ходимлари билан давра суҳбати ўтказди.

Партиянинг вилоят кенгаши раиси ўринбосарлари Баҳодир Болтабоев, Ёрқиной Ҳожиматова, Уйчи туман кенгаши раиси Фурқат Боймирзаев ва бошқа масъул ходимлар иштирокида ўтказилган давра суҳбатида партиянинг сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсадлар, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамиятда адолатни қарор топтириш йўлида юртимизда амалга оширилаётган ишлар ва мақсадлар ҳақида сўз борди.

— Ўзбекистон республикаси Конституциясининг биринчи боб, биринчи моддасида «Ўзбекистон—бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат», деб ёзиб қўйилган,-дея сўз бошлади кенгаш раиси ўринбосари Баҳодир Болтабоев.- Мамлакатимизда бешта партия фаолият олиб боради. Ана шу партияларнинг илғор мақсадларидан бири жамоатчилик орасида ижтимоий фикрни шакллантиришдир. Фикр бўлмаса, масала кўтарилмаса жамиятда ўзгариш бўлмайди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли манфаатлари учун яратилаётган шароитлар аҳоли томонидан билдирилган фикрлар, таклифлар ва ташаббуслар натижасида қарор топмоқда.

— Биргина бизнинг партиямиз томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар туфайли тиббиётда, таълимда, ишлаб чиқаришда, спорт ва соғломлаштиришда, атроф- муҳитни муҳофаза қилишда, яшил макон яратишда, фан-техникада, ишчи ўринлари яратиш ва аҳолини уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришда қатор имтиёз ва имкониятлар яратилди,-деди кенгаш раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова.

—Менинг туман кенгаши раиси этиб тайинланганимга унча кўп бўлгани йўқ,-деди Фурқат Боймирзаев.-Лекин аҳолидан тушган мурожаатларга дарҳол ечим излашга киришяпман. «Шифокор» маҳалласида канализация носозлиги бўйича аҳолидан мурожаат тушганди. Мутасаддилар билан ҳамкорликда муаммони тезда бартараф этилишига эришдик. Бу ишимиз билан партиямиз шаънига раҳмат олдик.

—Бу учрашув менинг «Адолат» партиясига бўлган тасаввуримни ўзгартириб юборди,-деди давлат кадастрлар палатаси туман филиали етакчи мутахассиси Акмалжон Абдураҳимов.- Хабарингиз бор, кадастр соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, Президент қабул қилган қарор ва фармонларнинг ижросини таъминлаш борасида самарали меҳнат қиляпмиз. Бундан бу ёғига «Адолат» социал-демократик партияси билан ҳамфкирликни йўлга қўйсак, янада яхши бўлишини англаб етдим.

Давра суҳбати сўнгида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, партия сафини иқтидорли ёшлар, ташаббускор мутахассислар билан тўлдириш кераклигини якдиллик билан маъқуллашди. Ҳар икки ташкилотдан бир қатор ҳайриҳохлар партия сафига кириш учун ариза билан мурожаат қилишди.

Учрашув ниҳоясида фаол ходимлардан бир гуруҳига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

 

Дилшода ТУРҒУНОВА,
 «Адолат» СДП
Наманган вилоят Кенгаши
бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+