Янгиликлар 489
Ургутда мингдан ортиқ "Адолатчи"лар тозалик йўлида бирлашди
Ўзаро меҳр-оқибат кўрсатиш, ҳашарлар ташкил қилиш орқали маҳалла ва гузарларни тозалаш, ариқ ва зовурлар қазиш, боғ-роғлар яратиш кўнгли очиқ, самимий халқимизнинг аждодларидан, ота-боболаридан қолган азалий қадриятлардан саналади. Бежизга халқимизда «Тоза уйда дард қолмас», «Уйи тозага гард юқмас, гард юқса ҳам, дард юқмас» каби нақллар айтилмаган.
Таассуфки, бугунги шиддатли глобаллашув, аҳоли сонининг ошиши, шаҳарлашув жараёнларининг жадаллашиши натижасида сўнгги пайтларда бу каби одатларимиз бироз унутилгандек. Атрофни кузатар эканмиз чиқиндиларни исталган жойга улоқтиришлар, белгиланмаган жойларга чиқиндиларни ташлашлар, оқава сувларга оқизиш, барг-хазонларни ёқиш, дуч келган жойларга сигарет қолдиқлари, писта пўчоқлари, баклажка, целлофан пакетларни қолдириб кетишлар деярли ҳар қадамда учраб туради. Табиийки, табиат ҳам бу каби муносабатга ўзининг жавобини бераётганга ўхшайди. Бугун инсоният глобал иқлим ўзгаришлари шароитида яшаяпти. Табиат кескин ўзгармоқда, уни башорат қилиш мураккаблашмоқда, бу ҳолат аҳоли саломатлигига ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда.
Экологик ҳалокатнинг оқибатлари билан курашгандан кўра, унинг олдини олишни маъқул, деб биладиган, барча экологик муаммолар ечими ва улар билан боғлиқ фуқаролар саломатлиги муҳофазаси масалаларини фақатгина давлатга юклаб қўйиш нотўғри деб ҳисоблайдиган «Адолат» СДП Сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида «Тозалик йўлида бирлашайлик» лойиҳаси доирасида жойларда партия фаоллари ташкилотчилигида бир қатор тадбирлар ўтказмоқда. Ҳудудлар ободлиги, тозалигини таъминлаш мақсадида уюштирилаётган кўнгиллилар ҳашари кўплаб юртдошларимизда хайрихоҳлик уйғотиб, жамоатчилик диққатини жалб этаётганлиги қувонарли.
Жумладан, партия ташаббуси билан амалиётга жорий этилган «Тозалик йўлида бирлашайлик» лойиҳаси доирасида Ургут туманидаги «Катта камангарон», «Хўжа Аҳрори Валий», «Камангарон», «Қўйи Камангарон» маҳалла фуқаролар йиғинларида оммавий ҳашарлар уюштирилди. Ушбу ҳашарда партия Самарқанд вилоят ҳамда Ургут туман Кенгаши, маҳалла фуқароларидан иборат 1000 дан ортиқ кўнгиллилар эрта тонгдан ўзи истиқомат қилаётган маҳалла, турар жойлар атрофини ободонлаштириш, озода ва покизалигини сақлашда фаол иштирок этдилар. Шу билан бирга, кўнгиллилар ҳашарида ушбу ҳудуддаги қабристон ҳам ободонлаштирилди. Хас-хашаклардан тозаланиб, гул кўчатлари ўтқазилди.
Ободлик кўнгилдан бошланади, дейди доно халқимиз. Бу нақл мазмунидан инсон маънавияти, тарбияси унинг ён-атрофга, табиатга муносабатида ҳам акс этишини англаймиз, — дейди «Хўжа Аҳрори Валий» маҳалласи раиси Хуршид Ҳамроқулов.- «Адолат» партиясининг «Тозалик йўлида бирлашайлик» лойиҳаси асосида ташкил этилаётган тадбирлар фуқароларда тозалаш-ободонлаштириш ишларига, озодаликка, саранжом-саришталикка риоя этиш, яратилган шароитларга ҳурмат, дахлдорлик ҳиссини уйғотишга хизмат қилиши шубҳасиз. Бугунги ҳашарни ўзида 1000дан ортиқ кўнгиллилар бирлашганини сўзимнинг далили сифатида келтиришим мумкин.
Маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда партия ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу ҳашар орқали нафақат маҳалла, кўча, қабристонлар ободонлаштирилди, Қувонарлиси, кишиларни бирлашиб, бирдамликда ҳаракат қилиши орқали ёшларга яна бир намуна бўлди. Шу билан бирга аҳолининг, айниқса, ёш авлоднинг табиат олдидаги масъулиятини ошириш, тиббий маданиятини юксалтиришга эришилди. Биз сиёсий куч фаоллари учун аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган турли чиқиндиларни олиб ташлашда мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш, бу борада тегишли қонунларга риоя қилиниши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этишда ҳам муҳим ўрин тутади. — Азиз Ашрапов, халқ депутатлари Ургут туман Кенгаши депутати.
Бугун жамиятимизнинг энг илғор қатлами сифатида аввало биз, ёшлар атроф-муҳит тозалигини сақлашда ҳам намуна кўрсатишимиз керак, Шу маънода, партиямизнинг «Тозалик йўлида бирлашайлик» лойиҳасини амалга ошириш йўлида ёшларини бирлаштирмоғимиз, мана шу каби кўнгиллилар ҳашарларини ташкил этишда ташаббускор бўлишимиз лозим. — Руслан Очилов, партия «Ёш адолатчилар» қаноти фаоли.
Таъкидлаш жоизки, саранжом-саришталик бор жойда кишининг баҳри-дили очилади. Кўча ва боғлар, хиёбонлар, ташкилотлар, мактаб ва боғчалар, шифохоналарнинг атрофлари, умуман, жамоатчилик масканларининг озода ва ободонлиги барчага яхши кайфият улашади. Албатта, ўзимиз яшаётган ва меҳнат қилаётган ҳудуднинг саранжом-саришта ва озодалиги, атроф-муҳит мусаффо бўлишига улуш қўшсак, ҳаётимиз янада гўзаллашиб, ҳар бир ишимизда унум ортаверади. Зеро, ҳар бир ҳудуд ободлиги юртимиз ободлиги саналади.
Дарвоқе, биз бежизга сўзимиз бошида халқимизнинг меҳр-оқибати ҳақида сўз юритмадик, ҳашар баҳонасида кўнгилли ҳомийлар кўмагида яқинлашиб келаётган Қурбон ҳайити муносабати билан кам таъминланган, ногиронлиги бўлган оилалар ҳолидан хабар олинди, катта қозонларда ош дамланиб тарқатилди. Кишилар ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик туйғусини, хайрли ташаббусни қўллаб-қувватлаб бир мақсад яъни, юрт ободлиги йўлида бирлашганини кўриб англадимки, биз адолатчиларнинг бугунги ўтган кунимиз бесамар кетмади.
Асқар Холиқов,
«Адолат» СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг