Ургутдаги оммавий тарғибот тадбири

10.09.2021 10:09:23

 

“Адолат” СДП Ургут туман Кенгаши ташаббуси билан  “Энг улуғ ва энг азиз жонажон ўлкам” шиори остида оммавий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.

Партия фаоллари, маҳаллий кенгаш депутатлари, туман тиббиёт бирлашмаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, сиёсий фаоллигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Тадбир доирасида дастлаб йиғилганларга амалдаги қонунчилигимизга  киритилаётган ўзгартишлар, олиб борилаётган ислоҳотлар моҳияти юзасидан тушунчалар берилди. Сайлов кодекси ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва бурчларига қаратилган маърузалар эшитилди.

Сўзга чиққанлар сўнгги йилларда мамлакатимиз муаллифлигидаги залворли ташаббуслар бутун дунё томонидан юксак эътироф этилаётгани, ислоҳотлар натижасида қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари янада яхшиланаётгани, она ватанимизда Учинчи Ренессанс пойдевори яратилиб, илм-маърифат, фан-таълим, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, тадбиркорлик, спорт, ёшлар масаласига катта эътибор қаратиб келинаётгани юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирди.

Шундан сўнг партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Асқар Холиқов халқимиз тақдири, мамлакатимиз келажагига дахлдор бўлган муҳим сиёсий жараён – сайлов қонунчилиги ҳақида йиғилганларга батафсил тушунчалар бериб ўтди.

Тадбир сўнгида фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказиш, уларнинг фаоллигини ошириш мақсадида “Мен ўз ҳуқуқимни биламан” шиори остида викторина уюштирилди. Энг фаол иштирокчиларга партия вилоят кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.   

“Адолатли қайнона” кўрик-танлови ғолиби Фотима Мақсадованинг миллий лапарларимизни моҳирона, гўзал овозда кўйлаши, чолғу асбобларимизни усталик билан чалиши тадбир иштирокчиларига ўзгача кайфият бағишлади.

 

Азиз ХАИТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+