Уруш ва мехнат фахрийлари хотирланди

07.05.2021 23:05:09

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Юнусобод туман Кенгаши томонидан Тошкент педиатрия тиббиёт институтида 9-май “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан тадбир ўтказилди. Унда уруш ва меҳнат фахрийлари, афғон уруши қатнашчилари, партия фаоллари, шунингдек, институт ўқитувчи ҳамда талабалари иштирок этди.   

Тадбир аввалида институт раҳбарияти томонидан уруш қатнашчилари ва мехнат фахрийлари шаънига илиқ сўзлар айтилди. Уларнинг фронт ва фронт ортида қилган меҳнатлари самараси ўлароқ бугунги осойишта кунларга етиб келганлигимиз, тинчлигимиз қадрига етиб уни сўзсиз авайлашга ҳар биримиз масъул эканлигимиз таъкидланди.

Меҳнат фахрийси бўлган Эркин Турсунов уруш машаққатларини, у даврнинг азобларини жуда яхши билади. Негаки, 82 ёшни қоралаётган отахон уруш даври нафасини ҳис қилиб у қора кунларнинг заҳматларини бошидан кечирган. Уруш даҳшати ва тинчлик неъмати ҳақида тадбирда сўзлаган нуроний отахоннинг ички кечинмалари гўё талаба ёшлар қалбига ҳам синггандай бўлди. Уларнинг она юрт тинчлиги ва манфаати йўлида астойдил хизмат қилишларига даъвати бўлди.

Тадбир давомида партия фаоллари ўзларининг уруш ҳақидаги тасаввур ҳамда хотираларини йиғилганлар билан ўртоқлашди. Уруш қатнашчилари ва фахрийларга эҳтиром рамзи сифатида партиянинг эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир сўнггида иштирокчилар Тошкент педиатрия тиббиёт институти ташкил этилганлигининг 49 йиллигига бағишлаб очилган музейга ташриф буюрдилар. Таъкидлаш керакки, унда акс этган ҳар бир экспонат, лавҳа ҳамда эсдалик суратлари бугунги ва келажак авлод вакиллари учун намуна маскани бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+