Уруш ва меҳнат фахрийлари хотирланди

10.05.2022 20:05:27

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан 9-май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Олмазор туманидаги уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида хотира тадбири ташкил этилди. Тадбирда “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши вакиллари, депутатлар, туман Кенгаши раислари, нафақадаги ҳарбийлар, уруш ва меҳнат фахрийлари иштирок этди.

Таъкидлаш керакки, биз азал-азалдан тинчликсевар халқмиз. Айнан шу ғоя тарғибига бағишланган буюк миллий маънавий меросимиз бор. Уларнинг барида тинчликнинг қадрига етиш тарғиб этилади, уруш эса батамом қораланади.

9 майни Хотира ва Қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонлаб келаётганимиз замирида ҳам айнан ана шу эзгу мақсад ётибди.

II жаҳон урушида Ўзбекистонимиздан 1 миллион 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. 604 минг 52 нафар ҳамюртимиз уруш майдонларидан ногирон бўлиб қайтди, 450 мингдан ортиқ ватандошимиз эса қонли жангларда ҳалок бўлди.

Ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Ўтганларни хотирлаш, сафимизда юрганларнинг эса қадрига етиш керак. Тадбир давомида иштирокчилар томонидан шу каби фикрлар янграр экан, “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Фазлиддин Зияевнинг нутқи барчада бирдек ижобий таассурот уйғотди. Шунингдек, афғон уруши қатнашчиси Алексей Алексеев уруш даҳшатлари, унинг инсонлар қалбида қолдирган бемисл қонли изи ҳақида тўхталди.

Тадбир якунида уруш ва меҳнат фахрийлари учун махсус туристик автобус ташкил қилиниб, шаҳар бўйлаб саёҳат қилинди, партиянинг эсдалик совғалари тақдим этилди.  

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+