Усмон Носир хотираси ёд этилди

16.11.2022 10:11:42

Йигирманчи аср ўзбек адабиётининг ёрқин намоёндаларидан бири – Усмон Носир таваллудига 110 йил тўлди. Оташин шоир, моҳир таржимон ва драматург сифатида ном қозонган ижодкор узоқ яшамади. Лекин қисқа давр мобайнида яратган кўплаб долзарб мавзудаги асарлари ҳамон мухлислар эътиборида. Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори ҳам маънавиятимизни юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим ҳужжат сифатида катта аҳамият касб этди.

– Буюк ижодкор хотирасини ёдлашга бағишланган тадбирлар Наманганда юксак кўтаринкилик билан ўтди, - дейди «Адолат» СДП вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Чунки у шу ерда туғилган. Бу билан ҳар биримиз фахрланамиз. Юбилей арафасида жойларда кўпдан-кўп адабий кечалар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилди. Уларда шоир қаламига мансуб мисралар қайта-қайта янгради ва юқори баҳоланди. Тадбирларда партиядошларимиз ҳам фаол иштирок этдилар.

Куни кеча Наманган шаҳрида Усмон Носирнинг ҳайкали ҳам ўрнатилди. У Адиблар хиёбонидаги майдонда қад ростлади. Ҳайкалтарош Қодир Намозов ижодига мансуб шоир сиймоси Машраб, Сўфизода, Ҳабиб Саъдулла каби алломалар каби бугунги авлодга шеър ўқиётгандай қиёфада тасвирланган.

Ҳайкал очилишига бағишланган тантанали маросимда вилоят жамоатчилиги вакиллари, Тошкентдан ташриф буюрган шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар Усмон Носир ижодининг ўзбек адабиётидаги ўрнига юксак баҳо бердилар. Мамлакатимизда бугунги кунда маънавият ва маърифатга берилаётган мислсиз эътибор ва соҳадаги ислоҳотлар замирида инсон қадрини улуғлаш ётгани эътироф этилди.

Фақат бугина эмас. Улуғ ижодкорнинг юбилейи муносабати билан яна бир қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Хусусан, бир гуруҳ адабиёт ихлосмандларининг саъй-ҳаракатлари боис Усмон Носир туғилган маҳаллада унинг уй-музейи ташкил этилди. У шоир ҳаёти ва ижодига оид янги материаллар билан тўлдирилса, ҳаммани ўзига жалб қиладиган масканга айланиши мумкин.

Наманган муҳандислик-технология институти жамоаси эса Усмон Носир номи билан аталувчи хиёбон барпо этди. Саксон сотих майдонда 300 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари экилиб, замонавий ўриндиқлар жойлаштирилди. Хиёбондан институт талабалари томонидан ясалган Усмон Носир бюсти, адабиёт бурчаклари ўрин олди. Ҳудуд юқори тезликдаги интернет билан таъминланган, ёз ойларида ташқи кутубхона ташкил этиш режалаштирилган.

Юбилей кунларида институт талабалар театр-студияси томонидан саҳналаштирилган «Усмон Носир» спектакли намойиш этилди. Шоир қаламига мансуб шеърлар ўқилди. Талабалар ўртасида «Усмон Носир менинг нигоҳимда» мавзусида расмлар танлови ўтказилди. Ахборот-ресурс маркази бадиий адабиётлар кўргазмаси ташкил қилди.

Ана шундай қизиқарли ва мазмунли тадбирлар вилоятнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+