Усмон Носирга бағишланди

05.05.2022 10:05:11

Шу кунларда мамлакатимизда оташин шоир ва драматург, Ватаннинг содиқ фарзанди Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Айниқса, таниқли ижодкорнинг она юрти - Наманганда бу борада қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда.  Корхона, ташкилот ва муассасаларда  адабий кечалар, учрашувлар, давра суҳбатлари  кўплаб ўтказилмоқда.

Бу йўналишдаги ишларни вилоят маънавият ва маърифат кенгаши мувофиқлаштириб бормоқда. Бу ташкилотга  партиядошимиз - халқ депутатлари  вилоят кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Мусохон Оппоқов раҳбарлик қилади.

- Усмон Носир - бутун халқимиз фахри, - дейди у. - Шоирнинг юртга муҳаббат руҳи билан суғорилган асарлари  ҳар бир кишини тўлқинлантирмай қўймайди. Буюк ҳамюртимизнинг хотирасига ҳар қанча  ҳурмат бажо келтирсак арзийди.

Яқинда вилоят маънавият ва маърифат кенгаши ташаббуси билан Наманган муҳандислик-қурилиш институтига қарашли академик лицейда “Назм ва наво” кечаси  ташкил этилди. У Усмон Носир ижодига бағишланди. “Ёшлик, Баҳор, Муҳаббат, деб” номланган тадбирда ўқитувчилар ва талабалар иштирок этдилар.

Лицей биносининг фойесида шоир китобларининг кўргазмаси барчани эътиборини тортди. Усмон Носир ҳаёти ва ижодига  бағишланган тасвирий санъат асарлари  ҳам катта қизиқиш уйғотди.  Уларнинг аксарияти лицей ўқувчилари ҳисобланмиш ёш рассомлар ижодига мансуб эди.

Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзолари Руқия Ғозиева ва Гулчеҳра Зокирова шиор ижодининг  ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзладилар. Ўқувчилар Усмон Носир шеърларини ёддан ўқиб бердилар. “Олтин даврим” дастаси аъзолари эса ажойиб куй-қўшиқлари билан даврага  алоҳида файз киритдилар.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

        

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+