Устозга муносабат шуми?

10.10.2022 12:10:30

Юртимиз ижтимоий тармоқларида ўқувчи ўқитувчини дўппослагани акс этган видео лавҳа тарқалди. Суриштирувларимиз натижасида маълум бўлдики, турли баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётган ушбу воқеа, Наманган вилояти Косонсой тумани 29-умумтаълим мактабида рўй берган. Косонсой «Баҳористон» маҳалласида жойлашган, мазкур мактабда 46 педагог 744 ўқувчига таълим-тарбия беради.

– Раҳбар этиб тайинланганимга саккиз ой бўлди, - дейди мактаб директори Абдусами Раҳимбоев. – Ўзим жисмоний тарбия ўқитувчисиман. Ўн етти йилдан буён шу жамоада ишлайман. Нохуш ҳодиса ҳаммамизга қаттиқ таъсир қилди. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз.

Воқеа тафсилотлари очиқланганида, тасвирда акс этган жанжал дарс вақтида ўқувчи ўз мобил телефонидан фойдаланиб синфдошлари фикрини чалғитиши билан бирга, ўқитувчига машғулотларни ўтказишга халал бериши натижасида содир бўлгани маълум бўлди.

Физика ўқитувчиси тартиббузарни бир неча маротаба тартибга чақирганига қарамай, «қулоқсиз» ўз билганидан қолмаган. Охир оқибат ўқитувчи ўқувчини мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ҳузурига олиб боришга мажбур бўлган ва мактаб маънавиятчисидан ўқувчига тарбиявий мавзуда суҳбат ўтказишини сўраб, ўзи дарсни давом эттириш учун синфхонасига қайтган.

Бироқ, бир оздан сўнг тартиббузар яна физика хонасида пайдо бўлади ва устозга мушт ўқталиб, ҳужум қилади. Синфдаги бошқа ўқувчилар кўмаги билан жанжалга чек қўйилган.

Синф камерасига муҳрланган мазкур видео тасвирлар, кимнингдир «ташаббуси» билан ижтимоий тармоқларга чиқиб кетган. Оқибатда, то расмий ташкилотлар муносабат билдиргунга қадар, юз берган жанжал борасида турли- туман гап-сўзлар авж олган.

Косонсой тумани ҳокимлигидан хабар беришларича, мазкур воқеа Ички ишлар ва Халқ таълими бўлими ходимлари томонидан ўрганилган. Тартиббузар вояга етмаганлиги боис унинг ота-онаси Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 47-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилган.

7 октябрда мактабда содир этилган нохуш ҳолат юзасидан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди. Унда туман ҳокимининг ўринбосари, халқ таълими бўлими, ИИБ вакиллари, «Баҳористон» маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар қатнашдилар. Юз берган нохуш ҳодиса таълим-тарбияда йўл қўйилган камчиликларнинг оқибати эканлиги таъкидланди. Шунинг учун педагоглар ва ота-оналар масъулиятини ошириш, «Мактаб-маҳалла-оила» ҳамкорлигини мустаҳкамлаш юзасидан тадбирлар белгиланди.

Бу, яхши, албатта. Аммо шунга ўхшаш воқеа бошқа мактабларда такрорланмаслигига ким кафолат беради? Демак, халқ таълими вазирлигидан ҳам воқеага муносабат билдириш, қолаверса, педагогик жамоаларнинг масъулиятини ошириш, ота-оналар ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чоралар кўриш талаб этилади.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+