Устозлар бизнинг фахримиз

28.09.2022 17:09:08

Мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни деб эълон қилинганлиги, мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётига улкан ҳисса қўшаётган ўқитувчилар, устоз ва мураббийлар меҳнатининг юксак эътирофи, уларга билдирилган ҳурмат ва эътибор намунасидир. Ҳар йили бу кун катта тантана билан нишонланиши бежиз эмас.

Куни кеча Андижон туманидаги 41-мактабда ўтказилган «Устозга эҳтиром» дея номланган тадбир ҳам соҳа фидоийларини шарафлашга бағишланди. Мазкур илм даргоҳига йиғилган собиқ ўқувчилардан тортиб бугун улардан сабоқ олаётган ўқувчиларгача устозларига ўз ҳурматини кўрсатдилар. Улар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова ҳам бор. Ўқувчилар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, шогирдларнинг дил изҳоридан муаллимларнинг кўзлари қувонч ёшига тўлди.

М.Адҳамжонова, ОМҚП депутати:

-Ҳар бир инсоннинг комил шахс бўлиб вояга етишида, етук касб эгаси бўлиб жамиятда ўз ўрнини топишида устоз-мураббийларнинг ўрни жуда муҳим. Ўқитувчилар шогирдларига билим бериш баробарида улар қалбига инсонга хос энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб боради. Мен ҳам ўз устозларимдан бир умр миннатдорман. Ҳаётда эришган ютуқларимда уларнинг муносиб ҳиссаси бор. Бугун ўзим ўқиган мактабда ўқувчилик даврларимни хотирлаб устозларимга миннатдорчилик билдирдим.

Мазкур мактабда бошланган йўқлов фахрий устозларнинг хонадонларида давом этди.

 “Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгаши

 Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+