Уюшмаган ёшлар муаммосига ечим топса бўладими?

12.04.2021 11:04:17

Қарши шаҳридаги “Каманди” ва “Пахтазор” МФЙ ёшлари билан Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва Қарши шаҳар Кенгаши фаоллари ҳамда давлат, жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда ана шу ҳақда сўз юритилди. Учрашувда иштирок этган элликдан  ортиқ уюшмаган ёшларга тижорат банкларидан кредит олишларига кўмаклашилди. 20 нафар уюшмаган ёшлар эса касб-ҳунарга ўқитилиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари  учун  амалий ёрдам кўрсатилди.

Куни кеча муҳтарам Президентимиз иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам ёшлар ва аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи долзарб эканлиги алоҳида таъкидланди,- деди тадбирда “Каманди” МФЙ раиси, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Алишер Ишназаров.- Ҳозир шаҳримизда 60 дан ортиқ МФЙ бор. Унда умргузаронлик қилаётган аҳолининг қарийб 60  фоизини ёшлар ташкил этади. Мени таклифим, иккинчи чорак охиригача шаҳримиздаги барча МФЙлар имкониятларини ишга солиб, турли йўналишлардаги якка тартибдаги кичик бизнес субъектлари ишини йўлга қўйиб, 20 нафар уюшмаган ёшларни ишга жалб этишса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Шундан сўнг сўзга чиққан партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши раиси Адҳам Сайниязов, вилоят “Алоқабанк” мутахассиси Мухтор Нусратов, халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ҳусниддин Бердимуродов, вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориевалар ҳам барча МФЙларда уюшмаган ёшлар учун “Бўш иш ўринлари” ахборот ойнаси ташкил этиш ва шу орқали фаолиятни йўлга қўйиб, “Ёш тадбиркорлар”, “Етакчилар” сафини кенгайтириш зарурлигини қайд этишди.

Учрашувда уюшмаган ёшлар бандлигини таъминлаш, иқтидорли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ўрганиш ва бу борада истиқболли дастурлар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди. Энг муҳими, ушбу маҳаллада 50 нафар уюшмаган ёшлар борлиги аниқланиб, уларнинг барчаси ижтимоий  фойдали меҳнатга жалб этиладиган ва муаммолари ҳал этиладиган бўлди. 

-Мен Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан уюштирилган бугунги тадбирда иштирок этганимдан жуда ҳам мамнунман,- деди Сухроб Турсунов,-Мен ўз таклифимни бугунги ёшлар билан учрашувда билдирган эдим. Партия фаолларининг  беминнат кўмаклари туфайли маҳалламиздаги бўш ётган ер менга ажратиб бериладиган бўлди. Мен бу ерда мини стадион ва ўқув маркази ҳамда тикувчилик цехини ташкил этиб, маҳалламиздаги етти нафар ёшларни иш билан таъминлайман.

Партия фаолларининг таклифлари туфайли банк вакилларининг ушбу учрашувда иштирок этгани эса менга ўхшаган кўпгина ёшларни кредит билан таъминлашга имкон яратди.

Дарвоқе, учрашувда қатнашган  ёшлар вакилларидан Мансур Бердимуродовга новвойхона, Жасур Зариповга сартарошхона, Дилрабо Хамдамовага моддий кўмак ва арзон уй-жой олишда ва бошқа кўплаб истиқболимиз  ворисларига ўз мурожаатлари асосида  ёрдамлашилди.

 

Гулноза Раджабова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+