Вакцинация - инсон ҳаётини асрашда муҳим жараён

04.08.2021 11:08:46

Бутун дунёни эгаллаган коронавирус кассаллиги Ўзбекистонда илк бор 2020 йилнинг март ойида аниқланган эди. Ўша вақтдан буён ҳар куни турли хил оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали мамлакатимиздаги эпидемиологик ҳолат юзасидан ахборот бериб келинмоқда. Шифокорлар тозалик ва гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш лозимги ҳақида огоҳлантириб келишмоқда. Шу даврдан бошлаб инсонларнинг бир-бири билан, давлатларнинг эса бошқа мамлакатлар билан муносабатлари мутлақо янгича шакл ва мазмун касб этмоқда.

Мазкур касаллик миллат, ирқ, ёш, жинс танламаяпти. Кимлардир оила аъзоларидан, кимлардир яқинларидан, яна кимлардир эса дўстларидан айрилмоқда. Бугун барчамиз эпидемия, ҳалокатлар ва йўқотишлар ўраб олган бир даврда яшамоқдамиз.

Мамлакатимизда коронавирус аниқланган илк кунлардан бошлаб касалликка қарши курашиш бўйича қатъий чора-тадбирлар кўрилмоқда. “Тождор вирус” занжирининг олдини олиш, фуқаролар ҳаёти ва соғлигини сақлаш юзасидан  аниқ ва манзилли ишлар олиб бориляпти.

Аммо, фуқароларимизнинг ҳотиржамликка берилиб, карантин тартиб-қоидаларига риоя этмаётганлиги сабабли бу офат мамлакатимизда шиддат билан тарақалмоқда. Бу эса ҳукуматимиздан коронавирус балосига қарши курашда кечиктириб бўлмас вазифаларни ўз вақтида бажаришни талаб этмоқда.

Юртимиздаги мазкур мураккаб вазиятни инобатга олган ҳолда қонунчилигимиз такомиллаштирмоқда. Хусусан, куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Қонун билан Меҳнат кодексининг 113-моддасига ходим карантинли ва юқумли касалликлар таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачи қарори асосида профилактик эмлашдан ўтишни рад этса (қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлигига оид қўшимча киритилди.

Қолаверса, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунга киритилган қўшимчага кўра карантинли ва хавфли юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди бўлганда Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши белгиланди.

Албатта, ҳозирги кунда вакцинация коронавирус билан курашишнинг энг самарали усули эканлиги тобора ойдинлашиб бормоқда. Барча давлатларда коронавирус касаллигига қарши эмлаш жараёнлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Аммо ижтимоий тармоқларда баъзи инсонлар томонидан эмлашнинг асоссиз танқид қилиниши, вакцинациянинг кейинги салбий асоратлар бўлиши мумкинлиги юзасидан асоссиз фикрлар билдирилмоқда. Аммо дунёдаги бугунги ҳолат барчамиздан инсонлар орасида турли хил уйдирма, ассоссиз ва салбий фикрлар билан инсонлар кўнглига турли хил шубҳа ва гумонларни солмасдан ўзаро якдил ва ҳамфикр бўлишга ундамоқда.

Биз бир нарсани унитмаслигимиз керакки, вакцинация - инсон ҳаётини асрашда муҳим жараёндир.

Шоира АКБАРОВА,

Халқ депутатлари Шароф Рашидов туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+