Ватан - буюк маскан

30.07.2021 16:07:33

Ватан нима?  Нима учун бизнинг миямиз, қалбимизнинг бир бурчагида, гарчанд, иш, одамлар, оила, икир-чикирлар деб юрсак-да, доимо ёришаётган қимматбаҳо тош каби диққатимизга жуда муқаддас бир фикрлигини эслатиб, жило бериб туради. Агар тўй ташвиши, аза, яқин кишиларимизнинг беморлиги, машинамизнинг бузилиб қолиши ёки шунга ўхшаш қалбни хавотир ёки ташвишга солувчи ишлар билан диққатимиз чалғиб, бу  сеҳрли сўзни унутсак, у барибир бизни кечиради, тўғри йўлга тушишимизга сабаб бўлади. Ватан нима?  Ватанни онага қиёслашган. Ватанни бир сиқим тупроққа қиёслашган. Ватанни муқаддас маскан, она диёр деб белгилашган. Ватан оналар каби улуғ.

Хўш, ватанни севиш учун нима қилиш керак?

Бунинг учун унинг муқаддаслигини, топилмаслигини, унинг каби диёр йўқлигини, унинг ҳар қарич тупроғи учун ота-боболар жонларини беришга тайёр эканлигини ҳис этиш керак.  Ватанда одам катта бўлади, улғаяди, она тилини, юришни, атрофидаги азиз одамларини танийди, ўрганади, онанинг иссиқ меҳридан ватаннинг ҳам гўзал ва беқиёс меҳрибон эканлигини англайди. Ватан она бўлса, она ҳам ватаннинг бир бўлаги. Ватаннинг юксалиши, халқининг донишмандлиги ошиши, ёшларнинг илму маърифати кўпайишига хизмат қилади. Ватан инсонни ўз бағрида авайлайди, парвариш қилади, азиз санайди, инсонни улуғлайдиган маскан унинг ватанидир.

Алишер Навоий бекорга беш ярим асрча аввал:

Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,

Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.

Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,

Булбулға тикондек ошён бўлмас эмиш.

дея, ғариблик, мусофирликнинг аччиқ азобларини қаламга олмаган эди. Буюк бобомизнинг таҳсинга сазовор сатрлари ҳамиша бизга она ватанимизнинг улуғлигини эслатиб туради. Ахир ватаннинг буюклигини эслатиш, унинг улуғлигини қалбда муҳрлаш, ҳис этиш ҳамиша савобли ишдир.

Санобар МИРСАИДОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+