Ватан келажаги сизнинг қўлингизда, ёшлар!

16.09.2021 12:09:19

 

Ёшлар давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи ва маънавияти  даражаси билан белгиланади.

Кейинги йилларда юртимиз ёшларининг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, фаол фуқаролик позициясини шакллантириш “Адолат” СДП фаолларининг ҳам диққат марказида. Жумладан, партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган тадбирлар ана шу мақсадга хизмат қилади.

“Ватан келажаги ёшлар қўлида” шиори остида “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан Улуғнор туманида ташкил этилган митингда ёшлар сиёсати, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқаруви моҳияти, ҳуқуқий демократик давлат барпо этишда уларнинг иштирокини ошириш хусусида сўз юритилди. Конституциямиз ва қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш орқали фуқаролик масъулиятини  оширишга эришиш таъкидланди.

Малохатхон Мусаева, “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:  

-Ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, баркамол ва комил инсонлар қилиб камолга еткази умуммиллий, миқёсдаги вазифа. Бу  йўлда амалга оширилаётган ишларни изчил давом эттириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб,  “Ёш адолатчилар” қаноти фаолиятини жонлантириш, сафимизни ташаббускор ва фаол ёшлар билан тўлдириш доим эътиборда. Бу ёш сафдошларимиз орасидан  етук кадрлар етишиб чиқаётгани, янгиликка интилувчан, инновация билан ҳамнафас йигит-қизларнинг қўлга киритаётган ютуқларида ўз ифодасини топмоқда.

Тадбир доирасида “Сайлов қонунчилиги”, “Мен сайловда биринчи бор қатнашаман” мавзуларида акция ўтказилди. Энг фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

Замонавий билим ва кўникмаларга эга, мақсадга интилувчан, серғайрат ёшларни тарбиялаш янги Ўзбекистонда устувор вазифалардан бири. Андижонлик “адолатчилар” бу ҳаракатнинг ташаббускори бўлмоқдалар.  

                            Акбаржон НАЗАРОВ,

“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+