Ватанимиз бизлардан буюк ишларни кутмоқда

01.07.2024 13:07:23

Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.

Ёшлар – жамиятимизнинг муҳим қисми эканини эътироф этарканмиз, айнан ўсиб келаётган авлод давлатимизнинг барқарор ривожланишини, авлодлар алмашинувини таъминлаш, алал оқибат илм-фаннинг ўсишига, иқтисодий ютуқларга эришишимизга, тарихий қадриятларимизни сақлашга масъул ижтимоий қатлам эканлигини идрок этамиз

Бугун мамлакатимизда ишсиз фуқаролар, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида жойларда кўплаб амалий ишлар олиб бориляпти. Партиямиз фаоллари томонидан ҳам ислоҳотларга камарбаста бўлиб ҳам аҳоли бандлиги, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш орқали оиладаги шароитни яхшилаш, ундан ташқари, тадбиркорликка жалб этиш юзасидан тизимли ишлар давом эттириб келинмоқда.

Мамлакатимиз ривожланишининг ҳар қандай концепциясини амалга ошириш ҳам айнан биз ёшларнинг унга муносабатимизга, фикрлаш ва ҳаёт тарзимизга боғлиқ. Шу туфайли ҳам бугунга кунга келиб ёшлар давлатимиз ва жамиятимиз ривожланишини таъминлайдиган миллий манфаатимиз объектига айланди, десак муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ёшларни илмли бўлиш, касб-ҳунар эгаллаб ўз ҳаёт йўлини топишлари учун кўплаб имконият ва имтиёзлар яратилмоқда. Улардан унумли фойдаланиш эса биз ёшларнинг келажак учун қўйилган мустаҳкам қадамимизга боғлиқ.

Дарҳақиқат, бугунги ёшларга яратилаётган шарт-шароитларга ҳавас қилса арзийди. Интернет орқали жаҳонга чиқишяпти. Хорижда билим олишга эришяпти. Турли тилларни ўрганишмоқда. Фан ва спорт олимпиадаларида жаҳон аҳлига ҳайратлар улашмоқдалар.

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигидаги ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда ёшлар билан мулоқоти ҳам ҳар қачонгиданда юқори кайфиятда ўтди, десам янглишмаган бўламан. Уларда ёш ўғил-қизларни янги-янги ғоя ва марралар сари илҳомлантириш, фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб янгиликлар эълон қилиндики, буни катта ҳаяжон ва самимият билан қабул қилдик, десам, айни ҳақиқат.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда сўнгги етти йил ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни истеъдод ва салоҳиятини рўёбга чиқаришда «катта сакраш даври» бўлганини таъкидлаб, шу етти йил ичида ёшларга оид юздан зиёд қонун ва қарорлар қабул қилингани ва кўплаб имтиёзлар тақдим этилганини қайд этди. Биргина таълим кредитидан 151 минг ёшлар фойдаланган, эҳтиёжманд оиладан бўлган яна 110 минг талабанинг контрактини тўлашга 332 миллиард сўм ажратилгани фикримизнинг ёрқин далилидир. Эътироф этилганидек, бу ислоҳотларнинг барчаси олий таълимда қамров 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳлар сони эса 77 тадан 212 тага етишида катта туртки бўлди. «Ёшлар дафтари»дан 107 минг ўғил-қизларига 338 миллиард сўм субсидия берилгани энг улкан имкониятлардан бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

Эндиликда ёшларни катта даромад келтирадиган касбларга ўргатиш, юқори қўшилган қиймат яратадиган лойиҳаларни кўпайтириш бўйича ҳам катта ўзгаришлар бўлади. Бунинг учун ҳар йили 100 миллион доллар ажратиладиган бўлди. Инвестиция вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси Ёшлар агентлигига ўтказилиши эса тарихий воқеа.

Ҳа, кейинги йилларда мамлакатимизда ёшлар сиёсати йўналишида жуда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилди.

Шу хусусда вилоятимизда ҳам бир қатор ишлар қилиниб, самарали ишлаётган юзлаб ёш тадбиркорлар ва фермерлар, шунингдек ёш ҳунарманд-шогирдлар давлатимизнинг иқтисодий ривожланишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Бунга биргина мисол тариқасида, маълумотларга таяниб, ўтган йиллар мобайнида вилоятимиздаги йигит-қизларнинг бизнес лойиҳалари учун «Ёшлар – келажагимиз» дастури доирасида бугунги кунга қадар 45 миллиард 500 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, минглаб янги иш ўрни яратилгани эътиборга моликдир.

Сўнгги йилларда ёшлар йўналишидаги муҳим чора-тадбирлар туфайли етти йилда ҳар бир туманда «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтари»даги 10000 нафардан зиёд ишсиз ёш фуқаролар доимий ва мавсумий иш билан таъминланди.

Албатта, бу ўзгаришлар Юртбошимиз бошчилигидаги катта бир жамоанинг самарали ва машаққатли меҳнати эвазига деб биламиз. Бугунги давр бугунги кун ёшларини катталарга қанот бўлиб, ушбу ислоҳотларга кўмакдош бўлишини, дунё тан оладиган даражадаги теран тафаккур эгаси бўлишликка ундамоқда.

Мухтасар айтганда, бу йилги давлатимиз раҳбари раислигидаги ёшлар сиёсатига бағишланган видеоселектор йиғилиши ҳамда ёшлар билан мулоқоти тарихий ва эсда қоларли бўлди.

Ҳа, ҳеч қачон унутмаслигимиз керак, халқимиз, Ватанимиз бизлардан буюк ишларни кутмоқда.

Севарахон Хуррамова,
«Адолат» СДП
Сурхондарё вилоят
«Ёш адолатчилар қаноти»
Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+