Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим жараён

21.06.2022 19:06:25

Куни кеча давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди ҳамда таклифлар юзасидан ўз муносабатини билдирди.

- Барча фуқароларимиз каби мен ҳам бу муҳим жараёнларни диққат билан кузатиб боряпман. Аҳолимиз, жамоатчилигимиз вакилларининг конституциявий ислоҳотларга бефарқ бўлмасдан, ўз таклиф ва мулоҳазалари билан фаол қатнашаётгани барчамизни қувонтиради. Албатта, конституциявий ислоҳотларимиз Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган масаладир. Шу боис, бугун сиз, ҳурматли комиссия аъзолари билан бевосита учрашиб, фикр алмашишни зарур, деб ҳисобладим, – деди юртбошимиз.

Дарҳақиқат, бугун мазкур муҳим жараён барча фуқароларда катта қизиқиш уйғотган ва уларнинг ҳар бири шахсий ҳаёти, оиласи, маҳалласи, иш фаолияти мисолида кўплаб асосли таклифларни билдирмоқда. Бахтимиз Қомусининг фуқаро хоҳиш-истакларини ифода этиб, унинг инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминловчи, халқчил, мустаҳкам мезонга айланишига ўз ҳиссасини қўшиш илинжида. Бугунги кун ҳолатига кўра, Комиссияга фуқаролардан 48 минг 492 та таклиф келиб тушгани ҳам аҳолининг ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси ошиб, ўз фуқаролик бурчини бажариш, аниқроқ қилиб айтганда, оиласи ва фарзандлари келажаги учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга бўлган интилишнинг намунасидир.

Президент учрашув давомида кўплаб таклифларни билдириб, унинг сабабларини ҳам батафсил изоҳлаб ўтди. Жумладан, Конституциямизга «Ота-оналар ўз фарзандлари вояга етгунига қадар уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши тўғрисида ғамхўрлик қилиш ҳуқуқига эга ва бунга мажбурдир», деган қоида атрофлича таҳлил этилган. Бош Қомусимизнинг 64-моддасида акс этган мазкур моддада жумла «Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар» деган умумий сўзлар билан изоҳланган.

Ота-онанинг нафақат боқиш ва тарбиялаш балки таълим олиши, соғлиғи, тўлақонли ва баркамол ривожланиши каби жиҳатларга алоҳида урғу берилиши уларнинг бола ҳаёти ва келажаги учун масъулияти ва жавобгарлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Шу билан бирга, учрашувда оғриқли мавзулардан бири ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашига бошчилик қилиши масаласига тўхталиб ўтилди. Мазкур тизим илгари ҳам кўплаб баҳс-мунозарага сабаб бўлган ҳамда самарасиз бошқарув тизими эканлиги таъкидланганди. Ҳокимларнинг бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашларига ҳам бошчилик қилиши ҳақидаги қоидани Конституциядан чиқариб ташлаш маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кенг йўл беради. Нуфузи ва масъулиятини оширади, фаолият самарадорлигини таъминлайди. Энг муҳими Кенгашларнинг эркин фаолиятига тўсиқ бўлаётган омилларни бартараф этади. Ҳокимларнинг халқ вакиллари олдидаги жавобгарлик ҳиссини оширади ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга олиб келади.

Янги Ўзбекистоннинг янги конституцияси фуқароларнинг янгича қарашлари, орзу-истаклари, шунингдек, мамлакатимизда инсон қадрини янада улуғлашга хизмат қиладиган тамойиллар билан ҳар жиҳатдан мукаммал ҳуқуқий ҳужжатга айланади.

Адҳамжон Умаров,

«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси в.б

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+