Вазифалар белгилаб олинди

21.02.2022 12:02:21

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгашининг 2021 йил якунлари ҳамда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифидан келиб чиқувчи партия вилоят кенгаши олдидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Самарқанд давлат чет тиллар институтининг фаоллар залида бўлиб ўтган йиғилишда партиянинг Сиёсий Кенгаши аппарат ходимлари, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари, партиянинг ҳудудий Кенгашлари онлайин иштирок этишган бўлса, студияда ҳамкор ташкилотлар, партия ходимлари, фаоллар, депутатлар, туман, шаҳар Кенгаши раислари, “Ёш адолатчилар” ва Аёллар қаноти фаоллари ҳозир бўлди.

Кун тартибига кўра дастлаб Президент Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган партия олдидаги вазифалар муҳокама этилди. Фармонда кўзда тутилган халқимиз фаровонлигини ошириш, жамиятда инсон қадрини улуғлаш, иқтисодиёт тармоқларни трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш каби устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан чора-тадбирлар режаси  ишлаб чиқилди.

самар1

 Хусусан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳатларга, хотин-қизлар ва ёшларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминланишига кўмаклашиш, лозим бўлганда соҳага доир қонунчиликка киритиш учун таклифлар тайёрлаш, соҳага дахлдор жараёнлар устидан қатъий партиявий ва депутатлик назоратини ўрнатиш кўзда тутилган. Шунингдек, “Бир адолатчи юз аёлга ҳимоячи”, “Йилнинг энг фаол адолатчи аёли”, “Бир ойда бир иш ўрни”, “Таълим сифати партия нигоҳида”, “Тозалик соғлом ҳаёт мезони” каби бир қатор партиявий лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Шунингдек тадбир давомида Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи чоғида белгиланган вазифаларда партиянинг иштироки борасида ҳам халқ депутатлари вилоят туман Кенгашлари депутатлари, партия фаолларининг фикр мулоҳазалари тингланди. Тадбир иштирокчилари томонидан давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан 10 февраль куни фаоллар иштирокида ўтказилган танқидий руҳдаги йиғилишда шаҳар ва туманлардаги долзарб иқтисодий-ижтимоий масалалар кўтарилгани шу юрт равнақи учун янада фидоийлик билан ишлашга даъват этиши, мазкур ташриф вилоятнинг барча фуқаролари жумладан, сиёсий партия фаоллари олдига халқимизни ўйлантираётган масалаларни тизимли ҳал этиш бўйича мақбул таклифларни бериш ва фаолиятини янада жадаллаштиришга ундашини таъкидлаб ўтилди.

 Йиғилиш иштирокчилари партия Тараққиёт стратегиясида белгиланган мақсадларни амалга оширишда ҳамда президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи чоғида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшишга, бу йўлда бор куч ва имкониятларини тўлиқ сафарбар этишга келишиб олдилар.

Лола Сайидова,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Самарқанд вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+