Wi-Fi кириб келмаган уйдан ҳам чемпионлар чиқади

12.08.2021 15:08:28

Яқиндагина шахмат бўйича Филипин пойтахти Манила шаҳрида онлайн тарзида ўтказилган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатида фахрли 3-ўринни қўлга киритган Баҳром Бахриллаев Сардоба туманининг "Бирлик" маҳалласида истиқомат қилади. У мазкур чемпионатда онлайн иштирок этди.

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сирдарё вилоят Кенгаши ва тумандаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари ёш чемпионни табриклаш мақсадида хонадонига боришди.

Қишлоқнинг оддийгина ҳовлисида истиқомат қиладиган Бахриллаевлар оиласида тўрт нафар фарзанд вояга етмоқда. Фарзандларнинг энг каттаси бўлган Баҳром беш ёшидан буён шахмат билан шуғулланиб келади. Қатор нуфузли мусобақаларда қатнашиб, Ўзбекистон шаънини ҳимоя қилган ёш чемпион навбатдаги мусобақада онлайн қатнашишига тўғри келди. Бу эса ўз ўзидан интернет билан муомала қилишини тақозо қилди.

Лекин маҳалласида интернет тезлигининг яхши эмаслиги унга панд берди. Агар уйида Wi-Fi яъни интернет тармоғи мавжуд бўлганида эди, у учинчи ўринни эмас балки биринчи ўринни қўлга киритиши мумкинлигини афсус билан таъкидлади.

Депутатлар билан суҳбатда айтилган бу масала эътибордан четда қолмади.

Лекин ўша Wi-Fi қурилмаси ўрнатилганида эди, Баҳром лаҳзалар такдирини ҳал қиладиган шахмат мусобақасида интернетдаги "қотиш"лар сабабли очколарини қўлдан бой бермаган бўлармиди?

Шунингдек, ёш шахматчининг шуғулланиши учун махсус стол-стул ҳам йўқ. Бу энди иккинчи масала. Асосийси, айни вақтда халқаро тоифадаги мурабийларидан онлайн сабоқ олаётган ёш чемпионнинг маҳалласи, хонадони интернет тармоғи билан таъминланса келажакда ютқазиш эмас, ютуқлар сони кўпроқ бўлар эди.

Ана шундай хулосага келган "Адолат" СДП депутатлари бугуноқ ишга киришишди. Натижа ҳақида эса яна хабар берамиз. Энг муҳими энг олис қишлоқда бўлишига қарамай, Wi-Fi йўқ уйда ҳам чемпионлар етишиб чиқаяпти. Бугунги кун учун арзимасдек бўлиб туюлган масалалар эса уларнинг арзигулик ютуқларига ҳалал бермаса бўлгани. 

Маҳфират Худойбердиева,
Ўзбекистон "Адолат" СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+