Янги конституция – тараққиёт қомуси

08.12.2023 15:12:28

Ҳаётимиз қомуси – Конституциямиз мустақиллик даврида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Конституциявий Қонун референдум якунлари , Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан расмий эълон қилинган кундан эътиборан 2023 йил 1 майда кучга кирди.

Янги таҳрирга асосан, Ўзбекистон Конституциясидаги моддалар сони аввалги 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошяпти. 128 модданинг 91 тасига концептуал ўзгариш киритилди. Умуман, Конституция 65 фоиз ўзгартирилди. Асосий Қомусимиз алоҳида юридик хусусиятга эга ягона сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат сифатида шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатнинг асосий тамойилини ўрнатади, давлат ҳокимиятининг тузилиши, субъектини, ҳокимиятни амалга ошириш механизмини белгилайди, жамият, инсон, фуқароларнинг давлат томонидан қўриқланадиган ҳуқуқи ва эркинлигини мустаҳкамлайди.


Жорий йилнинг 8 декабрда эркин ва обод келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворини белгилаб берган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигига 31 йил тўлади. Тараққиётнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган ушбу ҳужжатга бағишланган тадбирлар “Адолат” СДП вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ҳам ўтказиб келинмоқда.


Шу муносабат билан 2023 йил 5-декабрь куни вилоят Журналистлар уйи тадбиргоҳида “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ,Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси, Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ва "Миллий тикланиш" партияси вилояти Кенгаши ҳамда Қарши шаҳридаги Иқтисодиёт ва педагогика НТМ университетининг талабалари иштирокида "Янги таҳрирдаги Конституциямиз билимдони" номли "Заковат" тадбири талабалар иштирокида ташкил этилди. Тадбирдан асосий кўзланган мақсад талабаларда Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, унинг аҳамиятини ҳар бир Ўзбекистон фуқароси мукаммал билиши,шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳида тарбиялашдан иборатдир. Тадбирда ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг чиқишларини очиқ, ошкора овоз бериш йўли билан одилона баҳолаб бордилар. Тадбир жараёнлари юқори савияда ташкил этилиб, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Иштирокчилар чиқишларини якунлагандан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан ўрганиб чиқилиб, тадбир сўнгида хулоса ва изоҳлар берилди.
Тадбир сўнгида талабалар партиянинг ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Дилрабо Чориева,
“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+