Янги марраларга руҳлантиради

19.02.2021 15:02:17

Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи ҳар сафар ўша минтақа ҳаётида муҳим аҳамият касб этади, десак асло муболаға бўлмайди. Буни наманганликлар ҳам теран ҳис этиб турибдилар. Шаҳар ва қишлоқларимизнинг тобора обод бўлиб бораётгани, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш юзасидан кўпдан-кўп тадбирлар амалга оширилаётганлиги, пировард натижада аҳоли турмуш фаровонлиги юксалиб бораётганлиги диққатга сазовордир.

Юртбошимиз вилоятимизга сафари туманимизда бошлангани ҳаммамизни хурсанд қилди. Партиядошларимиз билан ўзаро мулоқотларда бу тўғрисида кўп ижобий фикрлар билдирилди. Ўтган йилги ташриф чоғида давлатимиз раҳбари Косонсой ва Чортоқ қатори Янгиқўрғонни ҳам боғдорчиликка ихтисослаштириш юзасидан таклиф билдирганди. Шундан бери анчагина амалий ишлар рўёбга чиқарилди. Юқорида тилга олинган ҳудудларда боғдорчилик, мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича махсус қарор қабул қилинди ва ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Тоғолди Ҳадикент массивида ташкил этилган интенсив боғ бу фикримизга мисол бўла олади. Бу ер сув тақчилиги оқибатида ташландиқ ҳолатга тушиб қолганди. Бирлашган Араб Амирликларидан келган инвесторлар билан ҳамкорликда барпо этилган боғ юз гектардан зиёд майдонни эгаллаган. 250 метр чуқурликдан сув чиқарадиган қудуқ ишга тушгач, оби ҳаёт муаммоси ҳал бўлди. Ўтган йили гилос, ўрик, шафтоли, олхўри кўчатлари экилди. Уларни томчилатиб суғориш технологияси жорий этилди. Шу туфайли харажат камаяди, ҳосилдорлик эса кескин ошади.

Мазкур боғ келгуси йили ҳосилга киради. Дарахтлар қувватга тўлгач, йилига 5 минг тоннадан ҳосил бериши мумкин, 4 миллион АҚШ доллари қийматидаги маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш имконияти юзага келади.

Эътиборли жиҳати - ушбу боғда маҳалла аҳолисидан қирқ киши доимий иш билан таъминланди. Кўчат қатор оралари эса кам таъминланган оилаларнинг вакилларига сабзавот етиштириш учун тақсимлаб берилди. Бу, қишлоқ аҳолисининг турмуш даражасини оширишга муҳим ҳисса  бўлиб қўшилади.     

Туманимиздаги мазкур интенсив боғ билан танишиш жараёнида давлатимиз раҳбари ёшлар билан учрашиб, уларга ўз тилакларини билдиргани ҳам барчамизга маъқул тушди.

- Ёшлар йўлини тасаввур қилолса, куч пайдо бўлади, - деди у. - Қийинчиликлардан, синовлардан хафа бўлмаслик керак. Ҳаёт мактабини ўтаган инсон дунёга бошқача қарайди, Ёшларнинг яхшисиям, ёмониям бизнинг фарзандларимиз. Сизларга ўхшаган интилувчан, эртанги кунига бефарқ бўлмаган, касб-ҳунарли ёшлар бошқа тенгдошларига ўрнак бўлиши керак.

Бу пурмаъно сўзларни ҳар бир ўғил-қизнинг онгига етказиш  барчамизнинг долзарб вазифамиздир. Биз депутатлар, қолаверса, “Адолат” СДП аъзолари ҳам мазкур йўналишда фаол иш олиб борамиз.

 

Гулчеҳра УСМОНОВА,

Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман

Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+