Янги орзуларга қанот бахш этган Фармон

18.05.2021 11:05:46

Инсон борки, ҳаёти бир алфозда кечмайди, гоҳо қоқилади, гоҳо бахт оғушида чўмилади, гоҳида нотўғри йўлларга кириб адашади, хатоларга йўл қўяди, қонунларни билиб, ёхуд билмай бузиб қўйиш ҳоллари ҳам учраб туради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Рамазон Ҳайити муносабати билан адашган 100 нафар фуқарони мурувват кўрсатиб афв этиши, 100 та хонадонга, оила аъзолари қалбига чинакам шодлик, бахт, шукроналик, меҳр-мурувватни олиб кирди.

Айбларига чин кўнгилдан иқрор бўлган, пушаймонликни туйган бу юртдошларимиз ўз оилаларига қайтишди.

Юртбошимиз ўзбек ҳалқи қанчалик танти, мард, мурувватпарвар, элпарвар эканлигини исботлади.

Чет эл фуқароларини афв этилиши кўп миллатли Ўзбекистон юртининг дўстлик ва биродарлик ришталарининг мустаҳкам эканлигини билдиради.

Айниқса 6 нафар аёлларга билдирилган ишонч мени жуда қувонтирди. Энди оила бағрига қайтган аёллар ўз хатоларини тўлиқ тушуниб етиб озодлик нақадар илоҳий неъмат эканлигига иқрор бўладилар. Ушбу ишончни оқлаш йўлида изланадилар. Ўтмишларидан хулоса чиқариб, фарзандларини намунали хулқ билан улғайишига ҳаракат қиладилар, деб ўйлайман.

Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу Фармони оддий ҳужжат эмас, балки қанча оилалар кутган соғинч, бахт даракчисидир. Биз бу юртдошларимиз озодлик нашидасида ўз маҳалласи, оиласига киришиб мослашиб кетишларига кўмакдош бўлишимиз зарур бўлади. Ахир дўст-биродар, қўни-қўшни ёмон кунингда  билинади.

Эзгулик байрами бўлган ҳайит айёмида дийдорлашиш 100 нафар оилага ҳаётга янги орзулар билан боқиш каби туйғуларни бағишлади.

Қоқилган адашган юртдошларимизга имкон бериш, тўғри йўлга солиш ҳалқимизга хос хислатдир. Бу ҳалқимизга хос кечиримли бўлиш олийжаноблик каби эзгу фазилатларнинг намоён бўлганлигининг ифодасидир.

Пушаймонлик йўлига ўтган юртдошларимиз энди чин дилдан меҳнат қилиш, ҳалол яшаш, ўз юрти, уйи, маҳалласи фарзандлари учун керакли инсон бўлиб яшаш йўлига ўтишлари учун биз елкадош бўлайлик. Маҳалладошлар, жамоатчилик уларни қўллаб-қувватлайлик, иложи борича ёрдам берайлик яна хато қилиб қўймасликлари учун ҳар томонлама кўмак берайлик.

Бағрикенглик билан ёндашайлик, кечиримли бўлайлик. Президентимизнинг фармонларини қўллаб - қувватлаб, кўмакчи бўлайлик-ки токи бу афвни улар оқлаб кетишсин. Ҳаётда ўз ўрнини топиб, жамият ривожига ҳисса қўшишсин.

Истагим, келажакда бу хатоларни ҳеч ким такрорламасин, қонун устуворлиги, ватан ягоналиги, озодлик бебаҳолигини қадрлашсинлар. Мен айниқса уларнинг китоб ўқиётганликларини кўриб суюндим, шеърларини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Ахир адабиётни, санъатни севган инсон оиласини яқинларини қадрлайди, ҳалол меҳнат қилади, бировга ёмонлик тиламайди.

 

Насиба МАМАДИЯРОВА,

Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+