Янги Ўзбекистон армияси — тинч ва осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати

11.01.2024 17:01:44

Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб давлатимиз мустақиллигини ҳамда халқимизнинг тинчлигини сақлаш борасида мамлакатимиз Қуролли кучларини такомиллаштириш, жумладан, мудофаа соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантиришга доир қатор тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 1991 йил 31 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг асослари тўғрисида”ги қонунда “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигини тузиш, Миллий гвардия ва муқобил хизматни ташкил этиш ҳуқуқига эга” деб ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. 1991 йил 6 сентябрь – истиқлолнинг бешинчи куниёқ тарихда илк бор Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил 14 январь куни эса мамлакатимиз ҳудудидаги барча Қуролли Кучларни Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ўтказиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ўтган даврда Қуролли Кучларимизни шакллантириш жараёнига давлат қурилишининг ғоят муҳим, узвий бир қисми сифатида қаралди.
Ўзбекистон Республикаси ўз Қуролли Кучларини тузишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)нинг ҳуқуқий меъёрлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Хелсинки якунловчи акти, МДҲ доирасидаги қатор халқаро ҳужжатларнинг барча талабларига риоя қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 3 июлдаги фармонига мувофиқ, Мудофаа ишлари вазирлиги Мудофаа вазирлигига айлантирилди. Ўзбекистон Республикасининг “Мудофаа тўғрисида”, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида” ҳамда “Муқобил хизмат тўғрисида”ги қонунлари қабул қилинди.
Давлатнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини, унинг имкониятлари ва қобилиятини кучайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида Қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий ва махсус техника ҳамда жиҳозлар билан таъминлаш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, хорижий давлатлар, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатлар билан барча соҳаларда ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги муносабатларни сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида қатор амалий чоралар кўрилди ва бу борадаги ташқи сиёсат ўз мазмунида орқага қайтмас ҳаракат сифатида тус олди.
Хусусан, бугунги кунда, Президентимиз — Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони роҳномалигида Қуролли кучларимиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳақиқий ватанпарварлик ҳамда матонат мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир. Бу ҳақиқатни жонажон юртимиздаги барча ота-оналар, қолаверса, бутун халқимиз ғурур билан, миннатдорчилик билан эътироф этмоқда.
Соҳадаги улкан ўзгаришларнинг ижобий натижаси сифатида Ўзбекистон ҳарбийларининг “Халқаро армия ўйинлари”, “Кембрия патрули” (Англия), “энг яхши жангчи” (АҚШ) ва бошқа йирик ҳарбий-спорт мусобақаларида бир неча йиллардан буён салмоқли ютуқларни қўлга киритаётгани барчамизни қувонтиради. Шунингдек, Глобал Фиреповер маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий салоҳияти бўйича бир неча йиллардан буён Марказий Осиёда биринчи ўринни қайд этиб келмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 2 январь куни мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган хизмат йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганлиги ҳам бежиз эмас, албатта.
Таъкидлаш жоизки, Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”даги ҳеч қачон эскирмайдиган, инсон маънавияти учун бугун ҳам озиқ бўладиган ҳикматли фикрларинг қанчалик ҳаётий эканига кўп бор ишонч ҳосил қилиш мумкин. Унинг: “Тажрибамда кўрилганким, азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан яхшироқдир”, деган сўзлари бугунги кунда ҳам маънавий жиҳатдан нақадар долзарб аҳамиятга эга эканлиги барчамизга аён. Чунки дунёда кечаётган глобал жараёнлар огоҳлик ва ҳушёрликни янада оширишни, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлида собитқадам бўлишни тақозо этмоқда.
Ваҳоланки, халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги Декларацияда куч ишлатмаслик ва куч билан таҳдид қилмаслик; давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик; низоларни тинч йўл билан ҳал этиш; давлатларнинг халқаро ҳамкорлиги; халқлар ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш; давлатларнинг халқаро мажбуриятларини виждонан бажариш принципи; давлатларнинг суверен тенглиги каби муҳим принциплар қайд этилган.
Ўз ўрнида, Ўзбекистон Республикаси халқаро майдонда, жаҳон ташкилотларида, ички ва ташқи сиёсатида тўла суверен давлат сифатида, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти эканлиги ва унинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланиши белгилаб қўйилган.
Мухтасар айтганда, бугун мамлакатимизда тинчлик-осойишталик, халқимиз ҳаётида эса фаровонлик ҳукм сурмоқда. Бунда албатта, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ҳамда ҳимоя қилишда Қуролли Кучларимиз, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўрни беқиёсдир. Зеро, “Халқ ва армия – бир тану бир жон”.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати ҳамда Ватанимиз посбонларининг машаққатли, шу билан бирга, шарафли хизматлари туфайли бугун юртимиздаги ҳар бир уйда урушдан азият чеккан, фарзандидан айрилган оналар фарёди эмас, фарзандларимизнинг тўйларига гувоҳ бўлаётган, уйида ўз чақалоқларини “Алла” қўшиғи билан ухлатаётган оналарнинг бахтиёр ҳаётига гувоҳ бўламиз. Ҳозирги кунда ота-оналар ўз фарзандларини ҳарбий хизматга қўрқув аралаш кўзда ёш, юракда минг бир хавотир билан эмас, балки менинг ўғлим ҳақиқий Ватан ҳимоячиси бўлади, дея, юксак ишонч ва фахр туйғуси билан кузатмоқда.
Бугун халқимиз Ватанга садоқатли, профессионал тайёргарликка эга бўлган, мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир бўлган ўз Миллий армияси билан фахрланади.
Шу боис, ушбу ўринда муқаддас Ватанимиз сарҳадларини садоқат билан қўриқлаётган мард ва жасур Ватанимиз посбонларининг машаққатли, шу билан бирга, шарафли ва мардонавор хизматларини эътироф этган ҳолда, 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” билан самимий муборакбод этамиз!

Куатбай Мирзабаев,
Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+