Мамлакатнинг келажак тараққиёти акс этган ҳужжат

17.11.2021 19:11:00

«Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси»ни чуқур ўрганайлик.  

Мамлакатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ва халқчил ғоялар, улуғвор мақсадлар ўз аксини топган  «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» бугун барча соҳа вакиллари қатори, биз халқ таълими соҳаси вакиллари томонидан ҳам катта қизиқиш билан қарши олинмоқда.

Сабаби барча соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлиги биз педагог-устозлар таълим ва тарбия бераётган ёш навқирон авлоднинг интеллектуал, касб ва маънавий салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.

Яқин 4-5 йил ичида мамлакатимизда юз берган катта ўзгаришлар, инсонпарварлик ғояси остида тўпланган тажрибалар, келгусида мамлакатимиз ривожи билан боғлиқ аниқ мақсадлар ушбу дастуриламал ҳужжатда ўз аксини топган.

Асосийси, ушбу ҳужжат мамлакатимизда умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида бўлиб ўтган сайлов жараёнида умумхалқ муҳокамасидан ўтиб, унга халқимиз юксак ишонч билдириб, қўллаб-қувватладилар.

Еттита йўналишдан иборат ушбу ҳужжат билан танишар эканмиз унда “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойилнинг ўз аксини топганлигига гувоҳ бўламиз.

Биз эътироф этаётган, ушбу муҳим дастурий ҳужжатнинг тўртинчи йўналишида ҳар бир ўқитувчи, зиёлилар олдига юксак масъулият юклайдиган вазифалар ўз аксини топган.

Муҳтарам Президентимиз айтадилар: «Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш учун бизга замонавий илм ва яна бир бор илм, тарбия ва яна бир бор тарбия керак. Бугунги ва эртанги кунимизни, ёшларимиз тақдирини ҳал қиладиган юксак малакали муаллим ва мураббийлар, профессор-ўқитувчилар, ҳақиқий зиёлилар керак».

Давлатимиз раҳбарининг қалбидан қайнаб чиққан, ушбу ўтли сатрлар биз соҳа вакилларининг қалбимизга илиқлик олиб кириши билан бирга, юксак масъулият, давлат ва келажак авлод олдида қарздорлик ҳисини уйғотади.

Шу билан бирга давлатимиз раҳбари биз ўқитувчиларни заҳматкаш, фидойи инсонлар деб, юксак баҳолаб, келажак авлод учун қилаётган меҳнатимизни муносиб рағбатлантириш масаласини ҳам долзарб вазифалар қаторига қўймоқда.

2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида 1 минг долларга етказиш чоралари кўрилиши алоҳида таъкидлаб ўтилгани бежизга эмас.

Демак, давлатимиз раҳбари бизга ўз меҳрларини кўрсатиб, олдимизга юксак вазифалар белгилаб, уларни амалга оширишимиз учун янада кенг шароитлар яратишни мақсад қилган экан, қарс икки қўлдан чиқади, деганларидек, биз ўқитувчилар ҳам доимо ўз касбимизга бўлган меҳр-садоқатимиз билан, изланишда бўлиб, Янги Ўзбекистонимизда Учинчи Ренессанс пойдеворининг мустаҳкам бўлишига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак.

Халия Джумашева,

"Адолат" СДП «Аёллар қаноти» фаоли,

Нукус туманидаги 7-сонли умумтаълим мактаб директори.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+