Янги Ўзбекистонимизнинг ҳар бир аёли фаол, илмли ва ташаббускор бўлади

11.01.2022 17:01:53

Она бир йигитни мукаммал тарбиялаб вояга етказса, бир инсонни жамиятга тарбиялаб берган бўлади. Агарда бир қизни мукаммал тарбиялаб берса, жамиятни тарбиялаган бўлади.

Сабаби бугун мукаммал тарбия олган қиз келгусида келажак авлодни баркамол қилиб тарбиялаёлади. Шундай экан жамиятда, оилада аёлни ўрни бўлакча. Онасиз уй худди тўзғитилган ари уясига ўхшайди.

Технология асрида яшаётган эканмиз ҳар бир қизимиз илм-маърифатли бўлиб, ўз ҳуқуқини биладиган, қийинчилик бўлиб қолганда саросимага тушмасдан ечим топа оладиган бўлиб вояга етиши керак.

Афсуски, баъзи бир ота-оналар қизим оқ-қорани танимасидан олдин узатишим осон бўлади, деб қизларини мактабни тугатиши билан узатиш пайига тушадилар. Энг ёмони, бой-бадавлат, ўзига тўқ оиладан сўраб келишса, ҳеч иккиланмай моддий устунликка учиб, ҳали балоғатга етмаган қизини узатиш илинжида бўлади.

Ўйланмай қабул қилинган қарор ҳали оила нима эканини тушуниб улгурмаган нав- ниҳол қизни турмушнинг муштларига бардош бера олмай, жонларига қасд қилиш ҳолатларига олиб келаётганликлари афсусланарлидир.

Бундай нохуш ҳолатларни олдини олиш учун, «Адолат» социал-демократик партияси томонидан бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, «Бир адолатчи - юз аёлга ҳимоячи», «Йилнинг энг адолатли қайнонаси», ” Йилнинг энг фаол адолатчи аёли» каби лойиҳалари шулар жумласидандир.

Яқинда партиямиз томонидан яна бир хайрли ишга қўл урилди. Яъни, жорий йилнинг 8 январь куни Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши марказий аппаратининг Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш бошқармаси томонидан партия Марказий аппарати биносида «Аёлларни зўравонликдан ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари» мавзусидаги онлайн тарзидаги конференция ўтказилди.

Конференцияда маърузачилар мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликнинг қонуний асослари, аёлларга қилинаётган ғайриинсоний хатти-ҳаракатларнинг сабаблари ва оқибатлари атрофлича муҳокама қилиниб, соҳа мутахассисларнинг бу йўналишдаги таклифлари тингланди.

Шунингдек, «Адолат» СДП ва Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш Республика маркази ўртасида икки томонлама имзоланган меморандум келгусида оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ҳолатларига дуч келган хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоялаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши эътироф этилди.

Партия Хоразм вилоят Кенгаши «Аёллар» қаноти фаоллари партиянинг «Бир адолатчи-юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида воҳамизнинг чекка-чекка қишлоқларида яшаётган хотин-қизлар орасида бўлиб, ҳар бир аёлни эътибордан четда қолдирмаслик, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатишга, манзилли қўллаб-қувватлашга, энг асосийси, уларни жамиятимизнинг фаол, билимли аёллари сафидан жой олишига бор куч- ғайратимизни сафарбар этамиз.

Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистонимизни фаол, илмли, ва ташаббускор аёллар билан биргаликда қурамиз.

Гулора ИСМОИЛОВА,

«Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

 

 

           

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+