Янги  Ўзбекистонни билимли ва ватанпарвар ёшлар билан бирга қурамиз

17.11.2022 10:11:14

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, жумладан ёшларнинг бу борада билимларини ошириш Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг ўз олдига қўйган асосий вазифаларидан бири. Партия ташаббуси билан ҳар йили Конституциямиз қабул қилинган кун арафасида анъанавий равишда ўтказилаётган «Конституция билимдони» кўрик танлови ўқувчи-ёшларни Бош Қонунимизни чуқур ўрганишларига хизмат қилмоқда.

Айни кунларда Қашқадарё вилоятида «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида мазкур танловнинг туман ва шаҳар босқичлари ўтказилмоқда. Кўрик-танловда 30 дан ортиқ умумтаълим мактабларининг 11-синф ўқувчилари ҳамда академик лицейларининг 2-босқич ўқувчилари иштирок этишмоқда.

Иштирокчилар кўрик-танлов Низомига асосан, учта яъни «Таништирув», «Савол-жавоб» ҳамда «Эркин мавзу» шартлари бўйича беллашдилар. Шунингдек, тадбирларда иштирокчи ўқувчиларнинг саҳна маданияти, нотиқлик маҳорати ҳамда ижодий қобилиятлари ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Танлов шартларини тегишли соҳа вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати аъзолари холисона баҳолаб боришди.

Танловда иштирок этаётган ёшларнинг танлов шартларини фаоллик билан бажаришдаги қобилиятларини кўриб қойил қолдик,- деди ҳакамлар ҳайъати раиси, фалсафа фанлар доктори профессор Хосият Маҳманова. - Айниқса, Бош Қомусимиз, партиянинг сайловолди дастурига ва бошқа Қонунларга оид сиёсий билимларини юксалиб бораётганидан ушбу танлов жуда ўринли ташкил этилганига амин бўлдик. Бир-биридан билимли, зукко, ҳозиржавоб, чаққон иштирокчилар орасидан ғолибни саралаш қийин кечди.

Кўрик-танловнинг якуний натижаларига кўра Деҳқонобод тумани 11-синф ўқувчиси Оғабек Раҳимқулов, Қамаши тумани ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Моҳичеҳра Кўчарова, Ғузор тумани касб-ҳунар мактаби 2-босқич талабаси Ахтам Ғуломисинов Илёс ўғли, Чироқчи тумани 11-синф ўқувчиси Азизбек Жабборов, Миришкор тумани 11-синф ўқувчиси Диёрбек Эркинов, Муборак тумани 11-синф ўқувчиси Дилафруз Тўйчиева, Косон тумани 11-синф ўқувчиси Орзиқулова Шодиялар танловнинг шаҳар ва туман босқичида 1-ўринни қўлга киритиб вилоят босқичига йўлланма олдилар.

Тадбир сўнгида ғолиб ва совриндорлар, барча иштирокчилар ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари партиянинг фахрий ёрлиқ ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бир сўз билан айтганда, партия томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбир ва кўрик-танловлар янги Ўзбекистонимизни билимли ва ватанпарвар ёшлар билан бирга қуришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Гулноза Раджабова,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+