Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!

06.07.2022 15:07:36

Ўзбекистон бағрикенг диёр. Барча миллат вакиллари азалдан аҳил-иноқ бўлиб яшаб келмоқда. Тараққиёт сари дадил интилаётган юртимиздаги тинчлик, тотувлик дунё ҳамжамиятида ҳавас уйғотади. Афсуски, буни кўролмайдиган айрим ғаламислар ҳам бор эканки, улар қабиҳ ниятда осойишта ва тинч-тотув ҳаётимизга рахна солишга уринишяпти.

Куни кеча Нукус шаҳрида юзага келган нохуш вазият буни яна бир намоён этди. Бутун халқимиз қатори шахсан ўзим ва андижонлик « адолатчилар» бу воқеликни чуқур дард ва изтироб билан қабул қилдик. Президентимиз бу синовни оғир-босиқлик, аҳиллик билан ортда қолдириш кераклигини таъкидлаганлари эътиборга молик.

Муҳтарам Президентимиз, давлатимиз Қорақалпоқ элининг, юртининг равнақи учун тинмай қайғурмоқда, ғамхўрликлар кўрсатмоқда, ақл бовар қилмас асрий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Андижон вилоятига бириктирилганлигини хайрхоҳлик билан қаршиладик. У ерда қисқа фурсатда кенг кўламли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари жадал амалга оширилди. Бунда қорақалпоқ халқи ҳам тенгма-тенг мазкур жараёнда иштирок этди.

Андижон вилояти ва қорақалпоқ аҳолиси ҳамда ёшлари билан ўтказилган гала концертда шахсан ўзим ҳам иштирок этдим. Таълим соҳасида фаолият олиб борганим боис кўпроқ ёшлар, яъни талабалар билан суҳбатда бўлдим. Уларнинг шижоати, дунёқараши, ташаббуслари, лойиҳалари мени тўлқинлантириб юборди. Бу ердаги равон кўчалар, осмонўпар бинолар, кўркам масканларни кўриб қувонасан киши. Меҳмондўстлик анъаналари ҳам бизни қойил қолдирди.

Бир сўз билан айтганда, хушмуомала, ширинсўз, танти ва олижаноб қорақалпоқ аҳлига доимо ҳурматда бўлганмиз. Авлодлар оша ҳар қандай яхши ва ёмон кунларда икки халқ доимо бирга ва ҳамнафас. Ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг бирлигига асосланган муқаддас қадриятларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб яшашига ишончимиз комил.

Эзгулик анъаналарига содиқ қолган ҳолда ўзбек ва қорақалпоқ халқлари ҳамиша бирга ва  бир мақсадда Янги Ўзбекистонни бирга қурамиз!

Мадамин Мадазимов,

«Адолат» СДП Андижон вилоят кенгаши раиси,

Андижон давлат тиббиёт институти ректори

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+