Янги Ўзбекистоннинг нурли йўлидаман

12.06.2024 16:06:18

Юрагимга ўйиб ёзаман,
Ўрни қолсин майли бир умр.
Барча сўзни қўйиб ёзаман,
Шу сўз билан тўлсин бор сатр.
Ватан, Ватан, жонимсан Ватан!

Ушбу сатрларни шеърий мисраларимда келтирганим албатта бежиз эмас. Мустақил Ватанимиз Ўзбекистоннинг бахтиёр қизи эканимдан фахрланаман. Президентимиз яратаётган шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиш, халқимизнинг бор куч-ғайрати, билимини, истеъдод-иқтидорини бутун жаҳонга кўрсатиш биз ёшларнинг қўлида. Мен Рўзахон Сафарбаева Боғот туманида 2003 йил туғилганман. Шеъриятга, китоб ўқишга қизиқишим ёшлигимдан шакллана бошлаган, 7-синфдан эса Боғот туманидаги 12-сон мактабнинг меҳрибон устозлари, бувижоним ва оила аъзоларим қўллаб қувватлаган ҳолда, шеърият оламига илк қадамимни қўйганман. 9-синфда эса илк шеърларим «Тонг нафаси» номли китоб тўпламига киритилди. 10-синфда «Орзулар қанотида» номли шеърий китобим нашрдан чиқарилган. Нафақат шеърият, балки мактаб, туман, вилоят миқёсида ўтказиладиган тадбирларда ҳам фаол эдим. 11-синфда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Боғот туман сардори бўлганман. Ушбу имконият ва шароитлар, айниқса тенгдошларимнинг менга ҳаваси ортгани янада илҳом бахш этиб, 11-синфда «Сен бунчалар яхшисан», «Бахт садоси», «Сизга айтар сўзим кўп» номли китоблар чиқаришга мушарраф бўлдим. Мактабни олтин медалга тугатиб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг «Бошланғич таълим» йўналишига қадам қўйдим. Талаба бўлишимга қадар эришган ютуқларим самараси эвазига 2021 йил Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги муносабати билан «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишони билан тақдирландим. Албатта буларнинг барчаси биз ёшларга берилаётган имкониятлар эшиги бўлди. Талабалик давримда ҳам бу шижоатимдан ортга қайтмасдан бир нечта танловларда ғолибликни қўлга киритиб, Тошкент шаҳар Ҳокими томонидан «Энг ихтирочи-инноватор аёл» номинацияси бўйича тақдирландим. Келажакдаги орзуларим, мақсадларим орасида албатта «Адолат СДП»га аъзо бўлиш ҳамда фаол, ташаббускорлигимни юзага чиқариб, «Адолат дўпписи» соҳибаси номига сазовор бўлиш эди. Партияга аъзо бўлиш ниятим амалга ошди. Турмушга чиққаним сабабли ўқишимни ТДПУдан Урганч давлат университетига кўчирдим. УрДУда ҳам бир нечта танловларда фаол иштирок этиб, бир нечта номинациялар соҳибаси бўлдим. Хусусан, 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан УрДУ Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши ҳамда Адолат СДП Хоразм вилоят Кенгаши томонидан ташкиллаштирилган «Истеъдод, иқтидор ва рағбат» номли танловда «Ижодкорлик» номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритиб, партиянинг 1-даражали дипломи билан тақдирландим. Ғолиблик совғаси сифатида шеърларим «Адолат» Хоразм вилоят Кенгаши томонидан чоп этилаётган «Истеъдод гулшани-2» номли китобга киритилаётган келгуси режа ва мақсадларимни амалга ошишида рағбат бўлди.

Орзу, мақсад, ҳаракат ва натижаларим мени янада фаолликка чорлайди. Албатта, буларнинг барчасига туртки бўлаётган нарса бу Мустақиллигимиз, тинч-осойишталигимиз ва яратилаётган шарт-шароитлар натижасидир. Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр қизи сифатида нурли йўл томон бораётганимдан бағоятда хурсандман. Келажакдаги улкан мақсадларим — номдор стипендиант, «Зулфияхоним издошлари» ҳамда «Адолат» дўпписи» соҳибалари сафида туриш ҳамда менга билдирилган ишончни буюк мақсадларимга эришиш билан оқлашдир.

Рўзахон САФАРБОЕВА,
УрДУ Педагогика факультети
4-босқич талабаси, партия фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+