Янги Ўзбекистоннинг олий қадрияти

23.02.2021 15:02:31

Ҳар бир киши туғилганидан сўнг албатта, муносиб тарзда ҳаёт кечирган  ҳолда вояга етиши ва яшаши керак. Бутун  умри давомида у барча ҳуқуқ ва эркинликлардан бемалол фойдаланиш  имкониятларига эга бўлиши биринчи даражали масала ҳисобланади. Кейинги йилларда мамлакатимизда мазкур йўналишда изчил ва пухта ўйланган ҳамда юқори самарали сиёсат олиб борилмоқда.      

Куни кеча Женевада ташкил этилган ва видео-конференция шаклида ўтказилган анжуман кун тартибига айнан инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масала киритилгани бежиз эмас. Унда давлатимиз раҳбарининг иштирок этиши ҳамда сўзга чиқиши эса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларга юксак баҳо бераётганлигининг белгисидир. Зотан, юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асосий мақсади ҳам ҳар бир жамиятда олий қадрият ҳисобланмиш инсон манфаатлари тўла рўёбга чиқарилишига қаратилган. Бусиз ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.

Биз, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ходимлари, бир гуруҳ фаоллар Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу халқаро анжумандаги нутқини телевидение орқали диққат билан тингладик. Унда давлатимизнинг мазкур йўналишдаги фаолияти ҳақидаги ҳисобот билан чекланмасдан, дунё бўйича мавжуд муаммоларга нисбатан муносабатлар ҳам ўз аксини топди.

Шу ўринда мен ёшлар ва аёлларга юртимизда алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидламоқчиман. Бугунги кунда навқирон авлод вакилларига ҳам, опа-сингилларимизга жамият ҳаётида муносиб ўрин олишлари учун кенг шароитлар яратилаётганида яққол кўзга ташланмоқда. Уларнинг таълим олишлари, саломатликлари мустаҳкам бўлишлари, фаровон турмуш кечиришларини таъминлаш йўлида  кўрсатилаётган ғамхўрликни ҳаммамиз билиб турибмиз.

Давламиз раҳбари халқаро анжуманнинг мўътабар минбаридан айтган қуйидаги сўзлари диққатга сазовордир. “...Инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларда энг муҳим ўринда туради. 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш мақсадлари мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашни кўзда тутадиган “ҳеч кимни эътибордан четда қолдирмаслик” тамойили асосида амалга оширилади”. Албатта, бу фикрларга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Чунки юртимизда изчиллик билан рўёбга чиқарилаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия айнан шу мақсадни кўзда тутади.

Ёки алоҳида эҳтиёжи бор шахсларнинг  ҳуқуқларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларга назар ташлайлик. Яқинда Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари  тўғрисидаги қонун кучга киради. Лекин ҳозиргача ҳам бундай кишиларга кўпдан-кўп имтиёзлар ва имкониятлар берилмоқда. Масалан, шаҳар ва қишлоқларимизда бунёд этилаётган арзон уй-жойлар ажратилиши, субсидиялар билан таъминлаш, тўловнинг дастлабки қисмини давлат томонидан қоплаб берилиши фикримизни тасдиқлайди. Тез орада Парламентимиз Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилади.

Президентимиз ўз нутқида инсон ҳуқуқлари  ва эркинликлари нақадар кенг тушунча эканлигини ҳамда уларни тўла таъминлаш учун бундан кейин ҳам узлуксиз иш олиб борилишини қайд этди. Бу, нафақат биз ўзбекистонликларга, балки жаҳон жамоатчилигига ҳам маъқул тушди, деб ўйлайман.

 

Исроил ЖЎРАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган

 вилоят Кенгаши раиси, халқ  депутатлари

Косонсой туман кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+