Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлидаги дадил қадамлар

14.05.2022 09:05:24

Жорий йилнинг 13 май куни “Адолат” социал демократик партияси ташаббуси билан  Урганч Давлат Университетида “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик!”мавзусида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

         Тадбирда   Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, “Адолат” социал демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда партиянинг ҳудудий, маҳаллий Кенгашлар ходимлари, “Аёллар қаноти” ва  “Ёшлар қаноти” Кенгаши раислари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган “Ёшлар парламенти” аъзолари, Бошланғич партия ташкилоти раислар,  партия ҳайриҳоҳлари, ҳамкор ташкилот вакиллари  ҳамда оммавий ахборот  воситалари вакиллари иштирок этди.

         Тадбирни ўтказишдан мақсад –мамлакатимизда инсон қадри учун яратилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар, амалга оширилаётган ислоҳотларга шукроналик адо этиб, тинчлик, фаровонлик каби олий неъматларнинг қадрига етишга ундаш, дунёда кечаётган таҳликали замонда интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб – аҳлоқниемирувчи манфур иллатлардан барча фуқароларимизни, айниқса, ёшларни асраш, оилалар тинчлиги, хотиржамлиги ҳамда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аёллар  ва ёшлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликларини олдини олиш, бир сўз билан айтганда, ёшларда  ҳуқуқий маданиятни юксалтириш орқали кучли иммунитет яратишдан иборатдир.

         Тадбир даставвалида Урганч Давлат Университети  фаоллар залида университет талабалари томонидан ташкил қилинган “Беш бармоғимда – беш хил хунар” мавзусида  қўл ишлари кўргазмаси намойиш этилди.

         Шундан сўнг муассасанинг “Маданият саройи” да  тадбир давом этди. Тадбирни Урганч Давлат Университети  Ёшлар билан ишлаш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ректор ўринбосари Санжар Давлетов кириш сўзи билан очиб берди ва мамлакатимизнинг тинч ва фаровонлиги йўлида “Адолат” СДП ташаббуси билан илғор ғоялар ҳаётга тадбиқ этилиб, самарали натижа бериб келаётгани хусусида  сўз юритди.

         Шундан сўнг Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимовнинг  мавзуга доир фикр ва мулоҳазалари  тадбир иштирокчиларининг диққат марказидан жой олди.

    Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳар бир маърузаси ва чиқишида бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, бугун ўзбек оилаларида мавжуд ибратли қадриятларни ривожлантириш, оила ва маҳаллада тинчлик ва маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлаши бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъвати бугун ҳар бир оилага кириб бориб, ҳаёт аъмолига, эзгу вазифага айланмоқда.

Ёши улуғ кексаларимиз тинчлик ва осойишталик ҳукм сурган жойдан файз-барака аримайди, дейишади. Бу нақлни оила ва маҳалла ҳаётига боғлайдиган бўлсак, тинч ва осуда оилада доим қут-барака бўлади. Бугун дунёда, айниқса, қўшни давлатлардаги нотинч, беқарор вазият, “уруш ўчоғи”нинг тобора кенгайиб бораётгани, терроризм, сепаратизм ва экстремизмнинг кўплаб давлатлар ривожига тўсқин бўлаётгани бу масаланинг нақадар долзарб эканини англатади. Юртимизни бундай бало-қазолардан асрашнинг муҳим шарти, фарзандларимизқалбини маънавият ёғдуси билан ёритиш, оилаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, юрт тинчлигини кўз қорачиғидек асраб-авайлашдан иборат эканлиги тадбир давомида таъкидлаб ўтилди.

Савол-жавоблар, фикр ва мулоҳазалар қизғин тус олган тадбир давомида партиянинг дастур ва мақсад, вазифаларини ҳаётга тадбиқ этишда фаол иштирок этаётган ёшлар партия томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 Шундан сўнг  воҳага таниқли санъаткорларнинг    ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлари тадбирга кўтаринкилик бағишлади.

 Бир сўз билан айтганда, партия томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш,  мустақилликни мустаҳкамлаш борасида юртимизда ҳукм сураётган тинчликни асраб авайлаш, ҳамюртларимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга миннатдорлик рухини уйғотиш,аҳоли орасида жиноятчиликни камайтириш,  ёшларнинг ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишда  хизмат қилади.

 

                                                                       Замира АБДУЛЛАЕВА,

                                                                                        “Адолат” СДП

                                                 Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+