Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексига бағишланган тарғибот-тушунтириш тадбирлари ташкил этилди

07.11.2022 12:11:32

Айтиш жоизки, ўтган ҳафтада Наманган вилоятида янги таҳрирда қабул қилинган Меҳнат кодекси бўйича қатор тарғибот-тушунтириш тадбирлари ташкил этилди. Уларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этдилар.

Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини фуқароларимизга атрофлича етказиш орқали унинг ижросини таъминлашни назарда тутувчи семинарлардан бири Тўрақўрғон туманида ўтказилди. Тадбир қатнашчилари орасида парламентдаги «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов ҳам бор эди.

– Семинар иштирокчилари биринчи навбатда Меҳнат кодексининг янги таҳрирда қабул қилинишининг сабаблари ва аҳамияти, унга киритилган меъёрларга эътибор қаратдилар, - дейди Дилмурод Исмоилов. – Масалан, иш вақти тартибининг турли хил кўринишларидан фойдаланиш (сменали иш, мослашувчан иш режими, иш кунини қисмларга бўлиш ва ҳоказо), шунингдек иш вақтини ҳисобга олишнинг ҳар хил турларидан фойдаланиш (кундалик, ҳафталик ёки умумлаштирилган иш вақти ҳисоби) имкониятлари кенгайтирилганлиги таъкидланди. Хизмат текширувларини ўтказишнинг ҳуқуқий асоси ва тартиби аниқ белгилаб қўйилгани ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Билдирилган фикрларни умумлаштирсак, янгиланган Меҳнат кодексининг кучга кириши ходимларнинг иш шароитларини янада яхшилашга, уларнинг меҳнатлари учун адолатли ҳақ тўланишига, меҳнатга мажбурлашнинг олдини олишга, ходимларнинг дам олишга бўлган ҳуқуқларини янада кенгайтиришга, пировард натижада иш унумдорлигини оширишга, меҳнат қонунчилигини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштиришга асос бўлади.

Анжуманда сўзга чиққанлар янги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш чоғида ўндан ортиқ халқаро ташкилотининг қатор конвенциялари, 60 дан зиёд давлат тажрибаси ўрганилгани, кодекс лойиҳаси Қонунчилик палатасида бир йил давомида таҳлил этилиб, такомилига етказилганлигини қайд этдилар. Янги таҳрирдаги меҳнат кодексининг ҳажми амалдагисига нисбатан деярли уч баробар катта бўлиб, 581 та моддадан иборат. Ҳужжатдан бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқишни назарда тутувчи нормалар илк бор ўрин олган.

– Бундай семинарларни ўтказишнинг аҳамияти жула катта, - дейди халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашидаги «Адолат» СДП гуруҳи аъзоси Саидолим Абдураҳмонов. – Чунки янги таҳрирдаги кодекс аввалгисидан анчагина фарқ қилади ва бугунги кун талабларига тўла мос тушади. У меҳнат муносабатлари соҳасидаги қатор муаммоларни бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда, қонуний ҳал қилиш имконини беради. Биз, депутатлар, бандлик маркази мутахассислари, ҳуқуқшунослар янги таҳрирдаги Меҳнат кодексининг мазмун-моҳиятини фуқароларга, ижро этувчи мутасаддиларига ҳамда тадбиркорларга кенг тушунтириш борасида ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Ҳозир мана шу йўналишдаги ишларни бошлаб юбордик.

«Адолат» СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+