Янги ташаббуслар ватан равнақи учун

19.06.2024 15:06:22

Адолатли бўлмоқ, адолат билан яшамоқ инсон қадрини улуғлайдиган ҳаётий ҳикматдир. Ўзбекистон «Адолат» СДП Фарғона вилояти Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева бошчилигидаги жамоа, партия фаоллари ва депутатлар юртбошимизнинг «Халқни рози қилишни олий саодат», деган сўзларини чуқур англаган ҳолда дадил ҳаракат қилмоқдалар.

Бу борада адолатчиларнинг «Хайр-саховат инсонни янада улуғвор ишларни амалга оширишга ундайверади», деган ташаббус атрофида бирлашгани ҳам эътиборга сазовор.

Қурбон Ҳайити муносабати билан юзлаб эҳтиёжманд оилаларга кундалик озиқ-овқат маҳсулотлари ва совға-саломлар билан кириб борган Халқ депутатлари Қўштепа туман Кенгаши депутати, «Марғилон саховати» хайрия ҳаракати раҳбари Аъзамжон Аҳмаджонов яна бир хайрли ишга қўл урди. Халқимизда «қўл билан берганга қуш тўймас» нақлини эшитганмиз. Ҳар ойда юзлаб эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган оилада камолга етаётган, ота ёки онасидан эрта айрилган болаларни қўллаб-қувватлаб келаётган депутат ўғил-қизларни келажагини ишончли кафолатлаш мақсадида «Илм саховати» ўқув марказига асос cолди.

Марғилон шаҳрининг Хиёбон кўчасида жойлашган мазкур марказнинг очилиш маросими давлат ташкилотлари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанага айланиб кетди. Алвон ленталар қирқилиб, марказ биносида болажонлар учун яратилган имкониятлар кўздан кечирилди.

-Ўқув марказимизда энг сара устозлар томонидан инглиз, рус, араб тили, архитектура дизайнерлиги, қизларга эса, замонавий гуллар ясаш ҳунарлари ўргатилади. Ҳозирги кунда 70 нафар эҳтиёжманд оила фарзандлари рўйхатдан ўтган бўлса, бу рақамлар соат сайин ортиб бормоқда, — дейди ташаббускор депутат Аъзамжон Аҳмаджонов. — Муҳими, бу ерда таълим мутлақ бепул. Ҳатто, ўқувчиларимиз қийналмай марказга келишлари учун бепул ташувчи транспорт хизматларини ҳам ташкил этдик.

— Бу ерга келиб кўзларимга ёш қуйилди. Бу қувонч ёшлари, албатта. Телевизорларда шундай муҳташам ўқув марказларининг рекламаларини кўриб, фарзандларимни шундай чиройли таълим масканларида ўқишларини орзу қилардим, -дейди Камола Ботирова. – Турмуш ўртоғим дарддан вафот этган. Илоҳим адолатли ҳаракат эгалари кам бўлмасин. Уларни Аллоҳ қўлласин.

Бу каби миннатдорлик фикрлари бисёр. Муҳими, янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги эгалари бўлган болажонларимиз барча тенгдошлари қатори илм олиш ва касб-кор эгаллаш имконияти яратилди.

Келгуси ташаббус бундан ҳам яхши. Мукаммал тил ўрганган ўғил –қизлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини янада юксалтиришлари, мамлакатни чинакам маънода жаҳон эътиборидаги Ўзбекистон бўлиши кўплаб тилларни мукаммал эгаллаган мутахассисларни ҳам тарбиялашга қаратилган. Бу эзгу ҳаракат фидойиларига янги манзилларда омад ёр бўлишини тилаймиз.

Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+