Янги уйғониш даврининг тўрт таянч устуни

05.10.2020 13:10:38

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқини онлайн равишда кузатиш шарафига мен ҳам муяссар бўлдим. Асли касбим педагог бўлгани боис Президентимиз томонидан айтилган ҳар бир фикр, ҳаётий мисол кўз ўнгимда гавдаланди, мушоҳадага чорлади. Сўз аввалида мамалакатимиз ва халқимизнинг таълим тизимининг тарихини  бир- бир варақлар эканлар, биз кимнинг авлоди эканлигимизга ишора бўлди. Айниқса ҳар бир давр тарихий мисоллар билан аниқлаштирилар экан, миллий таълим тизимимиз ривожига улкан ҳисса қўшган устоз мураббийларнинг номи фахр билан тилга олинди.

Аҳамиятлиси Шавкат Мирзиёев ўз маърузасини нафақат байрам табриги балки ҳурматли муаллим ва ўқитувчиларга, қадрли тарбиячиларга, барча жонкуяр зиёлиларимизга йўлланган мурожаат сифатида қабул қилишимизни истадилар. Чунки бутун дунё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемиясини бошидан кечираётган айни дамда мамлакатимиз таълим тизими ҳам жиддий синовга дуч келди. Таъбир жоиз бўлса қаҳрамонлик кўрсатаётган ўқитувчи ва мураббийлар бир вақтнинг ўзида қисқа муддат ичида юртимизда жорий қилинган  «онлайн мактаб» лойиҳаси ва масофавий таълимни узвий олиб бормоқда. Бу эса ўқитувчи ва мураббийларнинг фидокорона меҳнатининг ифодасидир.  Лекин вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ўқувчи ва педагогларнинг саломатлигини асраш масаласи барчамизнинг алоҳида эътиборимиз марказида бўлиши зарурлиги алоҳида таъкидланди нутқда.

Шунингдек Президент томонидан айтилган яна бир хушхабар барча тадбир қатнашчиларининг олқишига сазовор бўлди. Яъни  Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани. Бу хушхабар онлайн тарзда байрам табригини эшитаётган барча педагоглар қалбига қувонч инъом этди.

Шу ўринда айтмоқчиманки, бизнинг партия хайрихоҳлари орасида ҳам ана шундай фидойи педагоглар  талайгина. Айниқса ҳамиша янгиликка интилувчи ёш педагоглар ва тажрибали педагог кадрлардан иборат депутатлик гуруҳларимиз олиб бораётган ишлар  бугун партиямизнинг сайловолди платформасидаги таълим билан боғлиқ вазифаларни уддалашимизда кўмакчи бўлмоқда. Хусусан, Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби директори, шоир Муҳаммад Исмоил ҳам Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партиямизнинг депутатлик гуруҳи аъзоси ҳисобланади. Худди шу Кенгашдаги депутатларимиздан Янгиер педагогика коллежи директори Дилфуза Умерова ва вилоят халқ таълими ходимларининг фахрийлар Кенгаши раиси Салоҳиддин Элмуродов ҳам ҳаётини таълимга бағишлаган фидойи депутатларимиздир. Уларни ҳамиша фаол кўрамиз. Чунки доимо фуқароларнинг мурожаатлари бўладими ёки аҳолига кўрсатиладиган кўмак бўладими ушбу депутатлар ҳамиша шай туради. Ана шундай педагог депутатларимиз сафида ёш мутахассислар ҳам борки, улар томонидан ўтказилаётган тадбирлар ўқувчи ёшлардаги касбга бўлган меҳрни уйғотиши тайин. Жумладан, Гулистон Давлат Университетининг илмий ишлар бўйича проректори Амалиддин Сулаймонов ва  катта ўқитувчиси Муҳаммад Ниёзовлар бугун маҳаллий Кенгаш депутати сифатида ҳам аҳолининг ишончига сазовор бўлишга улгурган. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Улар ҳақида эътироф этганимни боиси юртбошимиз томонидан мазкур байрам нутқида нафақат таълим тизимида балки бошқа сохаларда ҳам ўз иқтидори ва фаоллигини намоён қилаётган педагоглар ҳақида сўз борди. Номларини тилга олганларимдан бири Дилфуза Умерова билан онлайн байрам тадбиридан олган таассуротларимиз ҳақида суҳбатлашдик. Суҳбатимиз мавзуси бундан беш-олти йиллар аввал ўқитувчиларни касб байрамини пахта далаларида нишонлаши билан боғланди. Яъни, сентябр ойидан бошланадиган пахта мавсумига биринчилардан бўлиб ўқитувчилар жалб қилинар эди. Шу сабаб қатъий интизомда пахта штабларида саноқдан ўтиладиган даврларда ўқитувчи дала ишчисига айланиб қолган, пахта хосилини териб олиш унинг зиммасига юклатилган эди.

- Шукрки, у кунлар ортда қолди. Биласизми хатто бир йили педагогика коллежининг ўқитувчилар жамоаси билан байрамни далада нишонлаганмиз. Ҳаво совуқ, кузнинг салқин туни терган пахталаримизни топшириб кейингина байрам тадбирини бошлаганмиз. Хуллас байрам ҳам татимасди, дейди Дилфуза опа суҳбатимизга якун ясар экан. Ҳа, бундай байрамларни кўпчилик педагоглар яхши эслаши аниқ. Сўнгги йилларда эса ўқитувчиларни мажбурий меҳнатдан халос этилгани, айниқса пахта теришдан озод қилингани устоз ва мураббийларнинг улуғланганидан нишона.

Шунингдек маърузада «Онлайн мактаб», «Рақамли ва хавфсиз мактаб», «Электрон дарслик», «Электрон кундалик» каби тизимлар жорий этилиши ҳам таъкидлаб ўтилди. 2020 йил охиригача мактабларни кенг полосали Интернет тармоғига улаш даражаси 70 фоизга етказилиши бугун кўпчиликка муаммо бўлаётган Интернет билан боғлиқ долзарб масалага ечим топилишини изоҳлади. Демак, келгусида барча мактаблар юз фоиз Интернет билан таъминланади ва бунинг учун Давлат бюджети маблағлари йўналтирилади. Бу ҳам бўлса педагогларга бериладиган имкониятлардан сўзлайди. Шунингдек Президентимиз Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш масаласида ҳам ўзига хос вазифаларни кўрсатиб бердилар. Яъни юзлаб, минглаб истеъдодли кадрлар, фидойи шахслар кераклиги бунда эса педагоглар ва ота-оналарнинг қўллаб-қувватлаши зарурлиги таъкидланди.

Мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, дея тарифланиши боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлилар эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, дея  ҳисобланишига Президентимиз ишонч билдирдилар.  Ота-оналар эса  бу ташаббусни қўллаб-қувватловчисига айлансагина Янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устунига эга бўлиниши ҳаётий мисоллар билан далилланди ушбу маърузада.  Бу юртимиздаги барча таълим соҳаси вакиллари, устоз ва мураббийларга берилган ишончнинг намунаси эди. Зеро юртбошимизнинг билдирган ана шундай ишончи юксак марраларни кўзлашда барчамизга  қанот беради.

Дилшунос АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати     

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+